Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев етти давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев етти давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун “Кўксарой” қароргоҳида хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон Ислом Республикаси, Украина, Италия Республикаси, Исроил Давлати, Покистон Ислом Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари Саид ал-Қамзий, Ҳамид Найрободий, Николай Дорошенко, Агостино Пинна, Зехавит Бен Хиллел, Саид Али Асад Ғилоний ва Маниш Прабхатдан ёрлиқларни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги шарафли ва масъулиятли вазифада катта муваффақиятлар тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг оқибатларини енгиб ўтиш бўйича кўрилаётган инқирозга қарши чоралар дастурига алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон ўзаро ишонч ва ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ҳисобга олиш, очиқлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида конструктив ва прагматик ташқи сиёсатни олиб боришда қатъий экани қайд этилди.

Марказий Осиё давлатлари, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Европа мамлакатлари, Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатлари билан кўп қиррали алоқалар ва шерикликни мустаҳкамлаш устувор йўналиш экани таъкидланди.

Айни пайтда иқтисодий дипломатияни илгари суриш – савдо ва инвестициялар, юқори технологиялар ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, банк-молия каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасидаги изчил ва сермаҳсул ҳамкорлик мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар раҳбарларига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош органларидан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда мамлакатимиз аъзолигини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу тарихий воқеа юртимизда ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида эришилган муваффақиятларнинг халқаро миқёсдаги кенг эътирофидир.

Тадбирда давлатимиз раҳбари дипломатларга мурожаат қилар экан, тегишли хорижий шериклар билан икки томонлама алоқаларнинг асосий йўналишлари ва истиқболларини қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг