Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Шинжон-Уйғур автоном райони делегациясини қабул қилди

Президент Шинжон-Уйғур автоном райони делегациясини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.

Ўзбекистон ва Хитойнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудлари ва ШУАР ўртасидаги амалий алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва барча шароитда стратегик шериклик муносабатларидаги бугунги юксак даража катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистоннинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан товар айирбошлаши ошмоқда – бугунги кунда мамлакатларимиз ўзаро савдосининг қарийб 10 фоизи шу ҳудудга тўғри келади.

ШУАРнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳалари портфели 3,5 миллиард долларни ташкил этиб, бугунги кунда «яшил» энергетика ва электротехника, қурилиш тармоғи ва янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, металлургия, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олади.

Маданий алмашинувлар дастури фаол амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ШУАР билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, банк-молия соҳаси, таълим, анъанавий тиббиёт каби бир қатор устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон ҳар йили Урумчи шаҳрида ўтказиб келинаётган «Экспо Хитой-Евроосиё» бош кўргазмасида фаол иштирок этиши қайд этилди.

Учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг