Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон–Грузия: савдо кўрсаткичлари сезиларли даражада ортди

Ўзбекистон–Грузия: савдо кўрсаткичлари сезиларли даражада ортди

Ўзбекистон ҳамда Грузия ўртасида савдо кўрсаткичлари ва ҳамкорлик лойиҳалари сони ортиб бормоқда. Буни 2023 йилда товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга ошгани ҳам тасдиқлайди.

Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили бошчилигидаги делегациянинг Тошкентда Ўзбекистон қонунчилик ва ижроия ҳокимияти раҳбарлари билан учрашувида бу кўрсаткични янада ошириш йўллари муҳокама қилинди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашувда икки давлатнинг бор салоҳият ва имкониятларини ишга солиш, транспорт-логистика, банк-молия, туризм каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувни фаолаштириш, парламентлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида халқларни бир-бирига яқинлаштиришда маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Грузия халқларини анъанавий мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туриши, маданий тадбирларнинг тез-тез ўтказалиши руҳи ва анъаналари жиҳатидан жуда яқин халқлар муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Икки мамлакат ўртасида эришилган олий даражадаги келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилишида парламентлар ўртасида мунтазам мулоқот ҳам катта аҳамият касб этади.

Музокара якунида гендер тенглик, ҳудудлар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Грузия парламенти раиси учрашувида ҳам икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил июль ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тбилисида Грузия ҳукумати раҳбари билан учрашган эди. Ташриф якунида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2023−2024 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури имзоланган.

2022 йил июль ойида эса Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили юртимизда меҳмон бўлган, олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилган эди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Грузия мамлакатимизнинг муҳим ташқи савдо ҳамкорларидан биридир. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1994 йил 19 августда ўрнатилган. Ўзбекистон ва Грузия ўртасида 87 дан ортиқ икки томонлама ҳужжат имзоланган.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг