Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон – Хитой – Қирғизистон: йирик лойиҳа бўйича музокаралар бўлиб ўтди

Ўзбекистон – Хитой – Қирғизистон: йирик лойиҳа бўйича музокаралар бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 1 март куни Хитой Халқ Республикасининг Қашғар шаҳрида Ўзбекистон – Хитой – Қирғизистон ҳукуматлари делегацияларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси Ақилбек Жапаров, Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй иштирок этди.

Таъкидланганидек, Хитой Халқ Республикаси ва Қирғиз Республикаси Ўзбекистон Республикасининг муҳим иқтисодий ҳамкорлари ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг Хитой ва Қирғизистон билан товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Хитой ва қирғизистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда транспорт-логистика, энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида салмоқли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида қурилиши режалаштирилган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл линияси минтақамизни Хитой билан боғлайдиган энг қисқа муқобил йўл экани қайд этилди.

«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон»темир йўл линиясини қуриш ва ундан фойдаланиш учун қўшма корхона ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон томони, Хитойдан Қирғизистон ва мамлакатимиз ҳудуди орқали мультимодал транспортни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.

Шунингдек, «Иркештом» назорат-ўтказиш пункти фаолиятини янада такомиллаштириш, қулай шарт-шароитлар яратиш, ўтказиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тегишли чоралар кўришга келишиб олинди.

Учрашувда томонлар жорий йилда «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўл линиясини қуриш юзасидан амалий ишларни бошлаш муҳимлигини қайд этди.

Уч томонлама музокаралардан сўнг, делегациялар раҳбарлари «Улуғчат» божхона терминали ва «Иркештом» назора-ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишди.

Умуман, Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида «Қашғар иқтисодий ва технологик ривожланиш зонаси» фаолияти билан яқиндан танишилди, бир қатор етакчи компаниялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг