Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЕИ ва Марказий Осиё дипломатлари Афғонистон масаласида кенгашди

ЕИ ва Марказий Осиё дипломатлари Афғонистон масаласида кенгашди

Фото: EИ делегацияси

Жорий йил 14 февраль куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари ҳамда элчиларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Маслаҳатлашувда БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Роза Ўтинбоева, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терҳи Ҳакала, ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон ҳамда Марказий Осиё дипломатлари қаторида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ҳам қатнашди.

Бешинчи бор ўтказилган машваратда Афғонистондаги ҳозирги вазият муҳокама қилинди. Учрашувда БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Кобул шаҳридаги дипломатик ваколатхоналар вакиллари билан онлайн тарзда фикр алмашилди.

18-19 февраль кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида БМТ шафелигида Афғонистон бўйича анжуман ўтказилиши ва унда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, саноат салоҳиятини тиклаш масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда. Бишкек учрашувида Доҳа анжуманига ҳозирликка ҳам эътибор қаратилди.

Аввал хабар берганимиздек, ўтган йили ҳам ЕИ ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари қўшни мамлакатдаги беқарорлик, инсон ҳуқуқлари бузилиши, терроризм ва наркотрафик хатари каби жиддий масалаларни муҳокама қилган эди.

Дипломатлар Афғонистон барқарор ва фаровон мамлакатга айланиши учун барча манфаатдор сиёсий гуруҳлар, хотин-қизлар, этник ва диний озчилик вакиллари иштироки таъминланган инклюзив ҳукумат тузилиши муҳимлигини таъкидлаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг