Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда ҳунармандчилик йўналишида олий маълумот берадиган институт очилади

Тошкентда ҳунармандчилик йўналишида олий маълумот берадиган институт очилади

Тошкентда «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги иштирокида Халқаро ҳунармандчилик, бадиий санъат ва дизайн институти ташкил этилиши мумкин.

Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасида белгиланишича, мазкур таълим даргоҳи ҳунармандчилик йўналишида олий маълумотга эга кадрларни тайёрлаш, жумладан «уста-шогирд» анъаналари асосида дуал таълим тизимини кенг жорий қилиш, ҳамда ҳунармандчиликнинг анъанавий турларини сақлаб қолган ҳолда, замон талабларига мослаштириш ва ривожлантириш каби вазифаларни ўз зиммасига олади.

Қайд этилишича, институтда ўқитиш нуфузли хорижий олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган институт томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Шунингдек, ҳар йили «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларининг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида тўлов контракти суммасининг 20 фоизигача миқдорида чегирма билан (Институт гранти асосида) абитуриентларни ўқишга қабул қилиш режалаштириляпти.

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида, соҳани ривожлантириш бўйича жойлардаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, миллий урф-одатлар акс этган ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, энг асосийси ҳунармандчилик субъектларининг қонуний билим олиш, соҳага кириб келаётган ёш авлодни олий маълумотли мутахассис кадрлар бўлиб етишишига яқиндан ёрдам бериши таъкидланади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг