Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«ТошМИ»да спорт соҳаси учун кадр тайёрловчи магистратура йўналиши очилади

«ТошМИ»да спорт соҳаси учун кадр тайёрловчи магистратура йўналиши очилади

2024/2025 ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академиясида «Спорт шифокори» ва «Спорт диетологияси (овқатланиш илми)» бўйича магистратура мутахассисликлари жорий этилади.

Бу борада жорий йил 28 июль куни Президентнинг тегишли қарори имзоланди.

Қарор билан, шунингдек Тошкент фармацевтика институтида «Экспериментал ва спорт фармакологияси» магистратура мутахассислиги бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари 2 бараварга оширилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида ташкил этилган тиббиёт факультети («Даволаш иши» таълим йўналиши) Тошкент тиббиёт академиясининг Чирчиқ филиалига айлантирилади.

Филиалда спорт тиббиёти ва бошқа тиббиёт мутахассисликлари («Даволаш иши», «Фармацевтика», «Педиатрия») бўйича кадрлар тайёрланиб, Чирчиқ шаҳридаги барча турдаги тиббиёт муассасалари унга клиник-ўқув база сифатида бириктирилади.

Спорт соҳасида кадрларни комплекс тайёрлаш бўйича «Чирчиқ спорт кластери» намунаси яратилади.

Давлат спорт-таълим муассасаларининг спорт шифокорлари, спорт диетологлари ва спорт фармакологлари Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида белгиланган тартибда бепул малака оширади.

2024/2025 ўқув йилигача «70910233-Спорт тиббиёти» ҳамда «70910401-Гигиена: нутрициология» мутахассисликлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари тасдиқланади.

Қарорга кўра, Нукус, Андижон, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг минтақавий филиаллари ташкил этилади.

2024/2025 ўқув йилидан спорт тиббиёти соҳасидаги ўқув дастурлари ва услубий қўлланмалар бевосита Марказ иштирокида ишлаб чиқилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг