Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Травматология ва ортопедия марказида сколиоз касаллиги самарали даволанмоқда

Травматология ва ортопедия марказида сколиоз касаллиги самарали даволанмоқда

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметовнинг таъкидлашича, Ер юзида 5-10 фоиз болалар сколиоз касаллигидан азият чекади. Уларнинг катта қисми 5 —12 ёш оралиғидаги ўғил-қизлар. Чунки бу даврда болалар тез ўсади. Аммо кўпчилик беморлар 8-14 ёшда, яъни касаллик белгилари кучайган вақтда шифокорга мурожат қилиши ачинарли ҳолат.

«Ваҳоланки, умуртқа поғонасининг ён томонга қийшайиши билан намоён бўладиган бу хасталик ўз вақтида муолажа қилинмаса, кўплаб оғир асоратларга олиб келиши мумкин», дейди мутахассис.

Сколиознинг хавф гуруҳлари ўзаро фарқланади. Хасталикнинг тўртинчи даражаси — улар орасида энг оғири. Шу маънода, болаларда сколиоз қанча эрта аниқланса, муолажа ҳам шунча самарали бўлади. Негаки, улар улғайгани сари умуртқа поғонасидаги суяклар ҳам қаттиқлашиб, даволаш қийинлашади.

Мурод Ирисметов, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори

Кеч босқичларда эса жарроҳлик операцияси — мажбурий чора. Аммо авваллари бундай туғма нуқсонли беморларда амалиётларни муваффақиятли ўтказиш учун унинг ёши улғайиши кутилар эди. Оқибатда бу умуртқа поғонасида иккиламчи деформациялар ва ички органларда иккиламчи ўзгаришлар, қолаверса, юрак-қон томир касалликлари ҳамда нафас етишмовчилигига сабаб бўларди.

«Энди эса бунга ҳожат йўқ. Марказимиз шифокорлари Москва шаҳридаги Н.Н.Приоров номидаги травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда шундай амалиётларни мустақил равишда бажаришни ўзлаштирган. Ўтган даврда ҳатто 1 ёшу тўрт ойлик чақалоқда мазкур мураккаб операция муваффақиятли ўтказилиб, унинг ортиқча ярим тана умуртқаси олиб ташлангани навбатдаги дадил қадамларимиз учун асос бўлди.

Шу ўринда сколиозни эрта аниқлашда ота-оналарнинг синчковлиги муҳим аҳамиятга эгалигини эслатиб ўтмоқчиман. Чунки улар боланинг гавдаси қандай ривожланаётганини доимий кузатиш имконига эга. Агар ўғлингиз ёки қизингиз қаддини тик тутиб юрмаса, ўсиш-ривожланишдан ортда қола бошласа, дарҳол уни чуқурлаштирилган тиббий кўрикка, хусусан, ортопед врач кўригига олиб боришингиз зарур. Ҳозир марказимизда бу касалликни замонавий диагностика воситалари ёрдамида эрта босқичда аниқлаш ҳамда илғор услублар асосида самарали даволаш учун барча шароит мавжуд», дейди Мурод Ирисметов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг