Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Швейцарияда яшаш ва ишлаш ниятидаги ўзбекистонликлар фирибгарлар тузоғига тушгани маълум бўлди

Швейцарияда яшаш ва ишлаш ниятидаги ўзбекистонликлар фирибгарлар тузоғига тушгани маълум бўлди

Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Швейцарияда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини воситачилар орқали олган ўзбекистонликлар кейинги пайтларда турли фирибгарларга алданиб қолаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу мамлакатда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини воситачилар орқали олган ўзбекистонликлардан элчихонага кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг «Xabar.uz»га билдиришича, воситачилар Telegram каналлари ва шахсий мурожаатлар орқали фирибгарлик йўли билан сохта таклифнома, шартномалардан фойдаланиб Швейцарияга иш таклифлари, ишлашга рухсат берувчи ҳужжатларни ваъда қилган.

«Афсуски, одамлар ёлғон ваъда ва ҳужжатларга ишониб, 350 доллардан 1500 долларгача бўлган тўловларни амалга оширган ҳолатлар мавжуд», дейилади элчихона хабарида.

Швейцария қонунларига кўра, Ўзбекистондан ишчи ёллашни истаган Швейцариядаги ҳар бир иш берувчи бундай иш ўрни яратиш Швейцариянинг иқтисодий манфаатларига мос келишини ва иш берувчи Швейцариядан ёки Европа Иттифоқи/Европа эркин савдо ассоциациясига (EFТА) аъзо мамлакатлардан зарур кадрларни ёллай олмаганини исботлаши керак.

«Масалан, Швейцариядаги иш берувчи ўзбекистонлик ишчини ёллашга рухсат олиши учун кантонал иммиграция ва бандлик бозори органлари ҳамда Миграция бўйича давлат котибиятига мурожаат қилиш учун узоқ расмиятчиликдан ўтиши керак. Иш берувчининг аризаси айтиб ўтилган органлар томонидан маъқуллангачгина, ишчига виза расмийлаштириш жараёни бошланади ва бу ҳолатда фақатгина Швейцариянинг Москвадаги элчихонаси Ўзбекистон резидентлари учун миллий/меҳнат визасини расмийлаштириш ҳуқуқига эга», – дейилади хабарда.

Элчихона Швейцарияда ишлаш учун иш таклифи олган ҳар бир кишидан ҳушёр бўлишни ва ҳар қандай шубҳали шахс ёки компаниянинг Швейцарияда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб ўз хизматлари учун ҳақ талаб қилаётганларга ишонмасликни сўраган.

«Меҳнат шартномаси воситачи орқали эмас, балки бевосита Швейцариядаги иш берувчиси билан тузилади. Агар сиз бу каби таклиф олган бўлсангиз ва унинг ҳақиқийлигига шубҳангиз бўлса, қўшимча маълумот учун Швейцариянинг Москвадаги элчихонасининг виза бўлимига мурожаат қилишингизни сўраймиз», – дейилади Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг изоҳида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг