Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ремен»ни ҳам тадбиркор камералар аниқлаши қанчалик адолатли?

«Ремен»ни ҳам тадбиркор камералар аниқлаши қанчалик адолатли?

Яқинда телеграм каналларидан бирида эълон қилинган ушбу хабарга кўзим тушиб қолди: «...тадбиркорларга тегишли фото ва видеоёзув ускуналарига ҳам камар тақмаганликни ҳуқуқбузарлик сифатида қайд этиш имкониятини берувчи ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланган ва тез кунларда қабул қилинади».

Қайд этиш жоиз, ҳозирча камар тақмаганликни ҳуқуқбузарлик сифатида қайд этиш имконияти фақат Ички ишлар вазирлиги ва маҳаллий ҳокимиятларга тегишли фото ва видеоёзув ускуналарига берилган. Агар юқоридаги қарор қабул қилиниб, амалиётга тадбиқ этилса, тадбиркорлар ҳам бундай имкониятга эга бўладилар.

Гўёки таранспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларини таъминлаш мақсадида (аслида бу иш билан тадбиркорларнинг шуғулланиши фақат моддий манфаат учун) берилган имкониятдан «учар ишбилармонлар» устомонлик билан фойдаланмоқда.

Айрим ҳолларда тадбиркорлар видеокамераларни белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда ўрнатиб олиб (сўнгги кунларда тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералар аниқлаган қоидабузарликлар судларда бекор бўлаётгани сўзимиз тасдиғи), шундоқ ҳам роса халқни «шилаётган», бусиз ҳам уларнинг ошиғи олчи эди. Демак, уларнинг «кетмони» учиш»да давом этади. Аслида эса тадбиркорларга юқоридаги имкониятнинг тортиқ этилиши эса ўликнинг кафанини ечиб олиш билан баробар иш…

Адолат нуқтаи назаридан олиб қараганда, хавфсизлик камаридан фойдаланмасликни видеокузатув кемаралари орқали аниқлаш ва маъмурий жавобгарлик белгилаш ўта баҳсли масала.

Биринчидан, шаҳар ҳудудлари, аҳоли гавжум жойларда ҳаракатланиш тезлиги 60 км соат этиб белгиланган. Бу тезликда хавфсизлик камаридан фойдаланиш зарурати бормикан? Камар асосан трассаларда катта тезликда ҳаракатланаётганда тақилса, фойдаси кўпроқ бўлса керак… Фикримни қуйидаги статистика билан асослайман:

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, шу йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида Ўзбекистон йўлларида жами 8693 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган. Бунинг натижасида 2080 нафар фуқаро вафот этган, 8055 нафари эса турли тан жароҳати олишган.

ЙТҲларнинг асосий қисми давлат аҳамиятига молик йўлларда юз берган. ЙҲХББ ҳодисаларининг аксарияти ЙТҲ йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ёки йўллардаги носозликлар, пиёдалар ўтиш жойи етарли эмаслиги ва тезликни меъёрдан ошириш туфайли содир этилган.

Статистикадан хулоса шуки, мутасаддилар аввало, сифатсиз йўлларни тузатиши, талабга жавоб бермайдиган светофорларни тузатиши, янгиларини ўрнатиши шарт. Хуллас, биринчи галда мана шу масалалар ҳал этилиши керак. Ана ундан кейин жарималар ҳақида бош қотиришса, инсофдан бўлади.

Иккинчидан, йўл ҳаракати қоидаларининг тегишли бандлари кўра, айрим тоифадаги ҳайдовчиларга хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатланишига рухсат берилган: Автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар, ўқувчи бошқараётган ўқув-машқ транспорт воситасининг инструктори, ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар (Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ ва ушбу касалликлар билан касалланганлиги бўйича тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда), хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчилари шулар жумласидан.

Савол: бу ҳайдовчиларга нисбатан видеокамералар орқали қоидабузарлик аниқланиб, жарима белгиланган тақдирда улар кимга ёки қаерга мурожаат қилиши керак?

Жавоб: албатта, судга!

Тасаввур қилинг, бир кунда тахминан қирқ километр масофани босиб ўтасиз ва йўлда камида учта видеокамерага дуч келасиз. Хавфсизлик камаридан (тиббий маълумотномага кўра) фойдаланмаганингиз учун шу учта камера қоидабузарлик аниқлаб, сизга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди. Демак, сизга нисбатан қўлланилган ҳар бир жаримани бекор қилдириш учун қайта-қайта судга мурожаат қилишингизга тўғри келади. Табиийки, бу ҳолатда ҳам вақтдан, ҳам маблағдан ютқазасиз.

Учинчидан, хавфсизлик камарини тақиш-тақмаслик фақат ҳайдовчининг ўзига фойда-зиён келтиради. Гўёки фуқароларнинг соғлиғи учун қайғураётгандек кўринаётган бу амалиётнинг асл мақсади – моддий манфаатдан ўзга нарса эмас. Тан оламизми, тан олмаймизми бу – инкор этиб бўлмайдиган факт.

Хўш, масъуллар жарима қўллашнинг янгидан янги турларини жорий этар экан, масаланинг шу жиҳатларини инобатга олишганми? Ёки уларга фақат жаримадан тушаётган мўмайгина маблағлар муҳимми?

Мутасадди ташкилотларга таклифим қуйидагича: хавфсизлик камаридан фойдаланмаганларни видеокамералар эмас, аксинча, фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари аниқлаши ва маъмурий жарима белгилаши керак. Зотан, Ички ишлар вазирлги, ҳудудий ҳокимликлар томонидан ўрнатилган камераларга камар тақмаганликни қайд этиш ваколатини бериш адолатдан эмас.

Айрим сабабларга (тиббий маълумотномаси бор) кўра хавфсизлик камаридан фойдаланмайдиганлар учун ҳам ортиқча оворагарчилик туғдирмайдиган йўлларини ўйлаб кўриш жоиз. Масалан, жарималарни умумлаштирувчи марказий баъзага тиббий маълумотномага эга ҳайдовчилар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш лозим.

Ёки шу тоифадаги фуқароларга нисбатан жарима белгиланган тақдирда фақат бир марта судга мурожаат қилиш ва бундан кейин бу бўйича бошқа мурожаат қилишга ҳожат қолмайдиган тизим яратиш зарур. Токи бу тоифадагилар овораи-сарсон бўлиб, қайта-қайта судга югуриб (бусиз ҳам судъяларнинг иши кўп), ҳам вақтини, ҳам нақтини йўқотмасин.

Исталган жойга камера қўйиб, ҳайдовчиларни жаримага тортаётган масъуллар ва тадбиркорлар масаланинг шу жиҳатларига эътибор қаратиши даркор. Ҳар ҳолда ҳозир технологиялар асрида яшамоқдамиз. Демак, ҳамма нарсанинг иложи бор – хоҳиш бўлса кифоя.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг