Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рекламасини давлат тилида тарқатмаганларга жарима солиш таклиф қилинди

Рекламасини давлат тилида тарқатмаганларга жарима солиш таклиф қилинди

Реклама тарқатишда давлат тилига доир талабларни бузганлик учун фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилиняпти.

Рақобат қўмитаси бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш киритишга доир қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Қўмита мазкур кодексининг 178-1-моддаси иккинчи қисмини «реклама тарқатишда давлат тилига доир талабларга амал қилмаганлик» деган сўзлар билан тўлдиришни таклиф қиляпти.

Унга кўра, фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан нотўғри реклама берганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик ёки аксилреклама беришдан бош тортганлик,  давлат тилига доир талабларга амал қилмаганлик,  худди шунингдек реклама қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот учун, «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади.

Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:

  • реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
  • ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;
  • рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
  • теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

Бундан ташқари, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 20-моддасига асосан, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши белгиланган.

Рақобат қўмитаси берган маълумотга кўра, республика ҳудудларида жойлашган ташқи реклама объектларидаги рекламаларнинг давлат тили қоидаларига мослигини ўрганиш юзасидан жами 9 435 та мониторинг ўтказилган.

Шундан, 3 252 та (35 фоиз) рекламалар давлат тили қоидаларига мувофиқ эмаслиги аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган, 1 483 та (16 фоиз) рекламанинг матни бошқа тилларда (асосан рус тилида) берилганлиги аниқланган.

Шунингдек, 1 618 та (17 фоиз) реклама ва эълонлар матнида имловий ва луғавий хатолар мавжудлиги кузатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг