Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қанқа шаҳристони» ёдгорлигига етказилган жиддий зарар бўйича жиноят иши қўзғатилди

«Қанқа шаҳристони» ёдгорлигига етказилган жиддий зарар бўйича жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилоятидаги «Қанқа» археология ёдгорлиги ҳудуди ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олинган, хусусан, уй-жойлар қурилиши, боғ ва экин экиш майдонлари ташкил этилган. Ҳолат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва Кадастр агентлиги мутахассислари иштирокида ўрганилган. Натижада чиндан ҳам ёдгорлик ҳудудига фуқаролар томонидан жиддий зарар етказилгани аниқланган.

Ушбу ёдгорлик Тошкентнинг энг қадимги пойтахт шаҳри бўлиб, Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин тутади. Ёдгорликдаги ўрта асрларга оид карвонсарой минтақа ҳудудидаги шаҳар шаҳристонида жойлашган ягона карвонсаройдир. ЮНЕСКОнинг расмий саҳифасида ёдгорлик ҳудуди 160 гектар деб қайд этилган.

«1977 йилда қазув ишлари натижасида очилган ва кейинчалик собиқ иттифоқ даврида “колхоз”га бериб юборилган шаҳарнинг мудофаа девори ичидаги учинчи шаҳристон ҳудуди ҳанузгача қайтариб олинмаган. Ҳудуддаги майдонлар суғорилиши натижасида ёдгорликнинг қолган қисмига жиддий зарар етказилганлиги оқибатида вужудга келган захлик маданий қатламнинг бузилишига, қадимий меъморий иншоотлар, девордаги расмлар ва бошқа ноёб топилмаларнинг емирилишига олиб келган.

Шунингдек, учинчи шаҳристоннинг жануби-ғарбий қисмини ўраган мудофаа деворини ички ва устки қисми маҳаллий фермер томонидан эгалланиб, бу жойда айрим фуқаролар уй-жой қуриб олган. Ёдгорликнинг жанубий қисмидаги мудофаа девори ички қисмида қарийб бир гектар майдон ҳам эгаллаб олиниб, турар-жой қурилган.

Ёдгорликнинг жануби-шарқий томонидаги мудофаа деворининг ички қисмидаги майдон экинзорга ҳамда маҳаллий аҳоли ва ташкилотлар томонидан чиқиндилар майдонига айлантирилган. Соҳага масъул идораларнинг бефарқлиги сабабли обектнинг туристлар ташриф буюриши мумкин бўлган ғарбий ва жанубий томонидаги йўлларнинг ёдгорликка кириш қисми ҳам, афсуски, чиқиндихона вазифасини ўтаб келмоқда», дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарида.

Ёдгорликнинг кадастр ҳужжатига кўра, унинг умумий ер майдони 104,99 гектарни ташкил этади. Аниқланишича, айни пайтда унинг 0.50 гектарига фуқаро А.Б., 0.79 гектарига фуқаро Т.Б. қишлоқ хўжалик экинлари (маккажўхори) экиб, ўзбошимчалик билан ушбу ер майдонидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келмоқда.

Бундан ташқари, соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор талабларига зид равишда Оққўрғон туман ҳокимининг 2016 йил 8 июндаги 566-сонли қарори билан фуқаро A.П.га турар жой бино-иншоотлари ва улар билан банд бўлган ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ёдгорлик ҳудудидан 0.56 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу майдоннинг 140.4 кв метр қисмига 3 та яшаш уйи, 2 та кириш хонаси, қурилиши тугалланмаган бино ва бостирма қурилган ҳамда бир қисмига боғ ташкил қилинган.

«Ўрганиш жараёнида вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари томонидан А.Б, Т.Б. ва A.П.ga моддий маданий мерос кўчмас мулк обектига етказган моддий зарар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектига А.П. томонидан 10 млрд 367 млн 448,3 минг сўм, А.Б. томонидан 2 млрд 423 млн 520,0 минг сўм, Т.Б. 1 млрд 093 млн 950,0 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Агентлик тақдим этган ўрганиш ҳужжатларига кўра, вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 132-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади расмий хабарда.

Маълумот ўрнида: Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатида «Қанқа шаҳристони» 320-рақам билан моддий маданий мерос обекти сифатида рўйхатга олинган. Обект даври милоддан аввалги III аср — милоднинг XII асрига тааллуқли бўлиб, у давлат мулки сифатида Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг