Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент тиббиёт ходимларини байрам билан табриклади

Президент тиббиёт ходимларини байрам билан табриклади

Шавкат Мирзиёев ноябр ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган «Тиббиёт ходимлари куни» муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади.

«Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман», дейилади табрикда.

Давлат раҳбари соҳага давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари билан бирга хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳам кенг жорий этилаётганини таъкидлаб, шифохоналарни замонавий транспорт ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш даражаси кескин яхшиланаётганини эътироф этган.

«Айнан ана шундай ўзгаришлар, жонкуяр шифокорлар, юқори малакали тиббиёт мутахассислари, ҳамшираларнинг машаққатли меҳнати туфайли юқори технологик жарроҳлик операциялари нафақат пойтахтимиз ва вилоятлар марказларида, балки туманларда ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда ва минглаб беморлар ўз дардига шифо топмоқда», дейилади қутловда.

Президент «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришларни амалга ошириш режа қилингани, жумладан, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробар ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, Ўзбекистонни сил хасталигидан холи мамлакатга айлантириш устувор вазифа эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, аҳоли ўртасида мустаҳкам саломатлик гарови бўлган соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилишини айтди.

«Ўз қасамёдига, касби ва бурчига садоқат билан меҳнат қилаётган, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимиз анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар бундан буён ҳам шу эзгу йўлда бор билим ва тажрибангизни сафарбар этасиз, деб ишонаман. Сизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт-саодат тилайман», дейилади табрик сўзи якунида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг