Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонликлар огоҳлантирилди: «Туркияда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган»

Ўзбекистонликлар огоҳлантирилди: «Туркияда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган»

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлари органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилаётганини маълум қилди.

«Ушбу амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганлиги кузатилмоқда.

Ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда», – дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар «Туркияга кириши исталмаган йўловчи» сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилаётгани айтиляпти.

Жумладан, жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 та нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.

Шу билан бирга, айрим ватандошлар Бош консулхонага Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласидан ҳам шикоят қилишган.

«Бу борада фуқароларимизнинг барча шикоят ва эътирозлари дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилди ва хозирги кунда мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон фуқароларидан маҳаллий қонунларга тўлиқ риоя этиш, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини дипломатик ваколатхоналардан билиш сўралмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда бўлиб турган ва ушбу мамлакатга сафар уюштиришни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари ҳам огоҳлантирилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг