Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миллий қонунчилигимиз Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилади

Миллий қонунчилигимиз Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилади

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қонунчилик палатасига «Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигининг Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси киритилди, дея хабар қилди қуйи палата матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш жараёнларида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, миллий интеллектуал мулк тизими ҳамда реклама қонунчилиги Жаҳон савдо ташкилоти битимларида белгиланган талабларга уйғунлаштирилмоқда.

Яқин кунларда мазкур лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлисида халқ вакиллари томонидан кўриб чиқилиши таъкидланган.

Айни пайтда қонун лойиҳаси қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда такомилига етказилмоқда.

«Қонун лойиҳаси орқали қонунчиликка киритилиши таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, аввало, халқ ва давлат манфаатларини, юртимиз иқтисодиётининг келгусидаги ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ҳар томонлама муҳокама қилинмоқда», — дейилади хабарда.

Лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилгунга қадар сиёсий партиялар фракциялари мажлисларида ҳам атрофлича муҳокамалардан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда мазкур халқаро тузилмага қўшилиш жараёнини қайта бошлаган. Март ойида Женевада ушбу жараён бўйича ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон уч давлат билан музокараларни деярли якунлаган. Ишчи гуруҳ таркибига жами 47 давлат киради, 31 давлат билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.

Шавкат Мирзиёев яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан бири эканини айтганди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзолаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг