Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЖСТ бош директори июн ойида Ўзбекистонга келади

ЖСТ бош директори июн ойида Ўзбекистонга келади

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматовнинг ЖСТ бош директори билан ўтказган учрашувида маълум қилинди.

«Дунё» ААнинг маълум қилишича, учрашувда Элдиёр Тошматов ЖСТ бош директори билан ушбу ташрифга тайёргарликни бошлаш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 8-йиғилишини тезлаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қонунчиликни ЖСТ келишувлари ва қоидаларига мувофиқлаштиришга кўмаклашиш бўйича келишувга эришган.

«Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг ҳолати ва истиқболлари хусусида фикр алмашилди. 

Ўзбекистон томони Ташкилот бош директорини ЖСТнинг 13-Вазирлар конференцияси (2024 йил 26 феврал – 2 март, Абу-Даби шаҳри) муваффақиятли ўтказилгани ва унинг доирасида кўп томонлама савдо тизимини мустаҳкамлаш бўйича эришилган муҳим келишувлар билан табриклади», – дейилади хабарда.

ЖСТ раҳбари Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш борасидаги чора-тадбирларини юқори баҳолади. Таъкидланганидек, сўнгги пайтларда Ўзбекистон аъзо бўлиш жараёнидаги саъй-ҳаракатларини сезиларли даражада фаоллаштирди ва ЖСТга аъзо бўлиш устувор деб топилган давлатлар қаторидан жой олди.

Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистон ЖСТнинг навбатдаги тўлақонли аъзоси бўлишига ишонч билдирди. Шу нуқтаи назардан, у ташкилот котибияти Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг