Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Абадиятга тортилган чизиқ

Абадиятга тортилган чизиқ

Хаёлотга йўғрилган сара асарлар

Мукаммал яратилган санъат асари томошабинни узоқ ўйга толдириши, хаёлот оламига олиб кириши, маънавий озуқа, эстетик завқ бағишлаши муқаррар. Суратлардаги тириклик, яшашга бўлган интилиш, гўзаллик, тасвирий санъат асари ихлосмандларини ўзига жалб этиб, мафтун этмай қолмайди, албатта. Жумладан, Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолнинг асарларида ҳам ана шу кайфиятни илғаб олиш қийин эмас. У моҳир рассомдир. У чизган суратларда воқеликни теран англаш замирида вужудга келган рамзий ва мажозий қиёфалар ғайритабиий равишда борлиқ билан бирлашиб кетади. Баҳодир Жалолнинг кимлигини англаш учун унинг чизганларига боқиш керак. Томоша қилганда ҳам фалсафий назар, ўзгача тафаккур билан қараш керак. У даҳо ижодкор, аммо у буюкликка даъво қилмайди. Бутун умр камтарин ҳаёт кечирди. Тинимсиз ижод қилди. Мусаввир ўз таъбири билан айтганда муқаддас маконда уйғунлик мағзини чақишга, олам узра парвозини кўришга ва дунё қонуни моҳиятини жонли ва жонсиз материянинг мутлақо барча унсурлари ҳамда таркибий қисмлари билан руҳнинг ўзаро умумий боғлиқлиги ва қарамлигини, алоқасини акс эттирувчи янги бадиий, реалликни яратишга уринади.

Истеъдодли мусаввир Баҳодир Жалол менга ҳаёти ва ижоди ҳақида жуда кўп нарсаларни гапириб берди.  Ва мен буларни сиз билан баҳам кўришга қарор қилдим.

«Отам биринчи устозим»

Тошкент шаҳрининг «Олмазор» маҳалласида ишчилар оиласида туғилганман. Оилада 4 фарзандмиз. Отам асли марғилонлик, онам эса Тошкентдан. Дадам Иккинчи жаҳон урушидан кейин тақдир тақозоси билан Тошкентда яшаган. Кейинчалик онам билан танишиб турмуш қурган. Камхарж, «кўрпасига қараб оёқ узатадиган» оилада улғайганман. Шундай бўлса-да, ота-онам биз фарзандларнинг яхши ўқишимиз учун барча шароитларни муҳайё қилган. Бу борада мен ўзимни энг бахтли инсон деб биламан. Дадам Ғафур Ғулом билан яқин дўст бўлган. Эсимда, болалигимда улар бизникига, биз эса уларникига тез-тез меҳмонга борардик. Отам ижодкор бўлмаса-да, шеъриятни, санъатни жуда нозик тушунарди. Бирор яхши шеър ўқиса, узоқ вақт унинг таъсирида юрарди. Хуллас, оиламиз учун адабиёт, санъат бегона бўлмаган. Адашмасам, 5-6 ёшимдан расм чиза бошлаганман. У пайтларда ҳозиргидай стол-стул, замонавий компютер, интернет қаёқда дейсиз?! Биз фарзандлар ерга эски шолча тўшаб, ой шуъласида дарс тайёрлардик. Деярли ҳамма оилада шундай шароит эди. Замон оғир, одамлар зўрға кун ўтказишарди. Ака-укалар бир-бирининг кийимини кийиб катта бўлишган. Лекин ҳеч ким нолимасди. Бир куни расм чизишга шу қадар берилиб кетибманки, ёнимга дадам келганини ҳам сезмабман. Улар қоғоздаги охирига етмаган суратимга узоқ тикилиб турдилар. Билмадим, менда қандайдир истеъдод учқунини пайқадиларми, «Ўғлим, расмингни кўриб, болалигим ёдимга тушди. Мен ҳам рассом бўлмоқчийдим. Афсус, орзуларим ушалмади. Лекин сен ҳаракат қилиб кўр», дедилар. Сўнг, эртаси куни бозордан албом, акварел ва ярми кўк, ярми қизил рангли копток олиб келди. Қўлимга мўйқаламни тутқазиб, «Шу коптокнинг расмини чизиб бер-чи», деди ва ишимни бошидан охиригача синчковлик билан кузатиб турди. Отамнинг салобати босдими, суратни тугатгунимча ҳамма ёғимга бўёқ сачраб, терга ботиб кетдим. Дадам расмни қўлларига олиб, «Ўғлим, сенда ноёб иқтидор бор экан. Ҳаракат қилсанг, нимагадир эришишинг мумкин», деди. Биласизми, отамнинг бу сўзлари менга куч бағишлаган. Агар интилсам, қўлимдан нимадир келишини ич-ичимдан ҳис қилганман. Ўйлаб қарасам, пешонамга рассом бўлишдек қисмат битилганини ўшандаёқ сезган эканман. Мурғак қалбимда ўзининг болалик орзулари рўёбини кўра олган меҳрибон отажоним эса санъатдаги биринчи устозим эди...

«Чунки сенда «юрак» бор…»

Шундан кейин бутун вужудим билан расм чизишга берилиб кетдим. Эсимда, уйимизда катта тут дарахти бўларди. Унинг ёнидаги ариқда шилдираб сув оқар, атрофига эса гуллар, райҳонлар экилганди. Ўша баҳаво жой менинг табиат қўйнидаги «ижод устахонам» эди. Бу ерда мевалар, қурт-қумурсқалар, ўт-ўланларнинг расмини чизардим. Она табиатнинг бетакрор рангларидан болаларча ҳайратланардим. Ўзимни бутунлай бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қилардим, гўё. Кейинчалик уйдагилар бир ёш кичик бўлишимга қарамай, мени Бахтиёр акам билан бирга Қоратош даҳасидаги мактабга ўқишга берди. Билмадим, болаликдан уқувли бўлганим учун «эплаб кетади» дейишганми, хуллас, мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиганман. Ёзги таътилда мени Фарғонадаги аммамникига дам олишга юборишарди. Эслайман, аммамнинг уйида катта боғи бор эди. Биринчи бор кўрганимда, боғнинг гўзаллигидан ҳайратга тушганман. У ерда бобомдан ҳақиқий ўзбек миллий урф-одатларини ўрганганман. Айниқса, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёрнинг ҳикматлари, Имом ат-Термизий ва Имом ал-Бухорий каби буюк боболаримиз ёзиб қолдирган ҳадислар болалик руҳимга озуқа бўлган. Улғайиб, оила қургач, фарзандларимни тарбиялашда бу билимлар менга жуда-жуда асқотди.

Мактабда ўқиб юрган йилларим «Ўқувчилар саройи» қошидаги тасвирий санъат тўгарагига қатнаганман. Устозимиз 24-25 ёшлар атрофидаги бўйлари узун, озғиндан келган ёш йигит эди. Биз уни Юра ака деб чақирардик. Бир куни у мен чизган натюрмортларни кўриб, «Агар ҳаракат қилсанг, келажакда яхши рассом бўлишинг мумкин. Чунки сенда «юрак» бор», деганди. Кейинчалик рассомчилик техникуми ва ҳозирги Санкт-Петербург тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик институтида таҳсил олдим. Россияда ўқиб юрганимда, Эрмитаждаги ҳақиқий санъат асарларидан баҳраманд бўлдим. Бу эса ҳам инсон, ҳам ижодкор сифатида юксалишимга хизмат қилди.

Талабалик

Талабалик бу санъатга кириш даври. Академия талабаларининг барча номаълум нарсаларни билиш истаги. Ўқитувчиларнинг ўз фанларига бўлган иштиёқи, менинг ҳеч тугамас қизиқишим ва билимга чанқоқлигим. Ва, албатта, севги (кулади). Галя билан мен Ленинградда танишдик. У архитектура бўлимида ўқиган, мен монументал бўлимда ўқиганман. Бир бутуннинг икки ярми сифатида учрашдик ва бирлашдик. У менга кўп ёрдам берди. Соатлаб бирга дарс қилардик. Бир сафар Академия кутубхонасида қандай кеч ухлаганимизни эслайман, қўнғироқ билан қўриқчи ёнимизга келиб, бизни ҳайдаб юборди: «Биз ёпамиз, кутубхонада сиздан бошқа ҳеч ким қолмади». Гарчи онам Галяни меникига келганида яхши кўрган бўлса-да, отам уйланишга рухсат бермади. Бироқ, ота-онамга Галяни ҳеч ким билан солиштириб бўлмаслигини, у менинг ҳамфикрим, мухлисим ва илҳомлантирувчимлигини тушунтирдим. Натижада, талабалар тўйини ўтказдик, унда барча домлаларимиз қатнашди. Тошкентга қайтганимиздаёқ онам хотинимни қадрлаб, севиб қолди. Биз камтарона, бир хонали ижара квартирада ўралашиб яшадик, кейин қизлар туғилди. Эсимда, шу кунлар қаттиқ меҳнат қилдим. Кўп ҳаётий сабоқлар олдим.

«Микеланжело қабри ёнида йиғлаганман»

1978 йил Италиянинг Калабрия шаҳрида ижодий сафарда бўлдим. Ушбу саёҳат ижодимда ўчмас из қолдирди. Шаҳарнинг бош маъмурий биноси деворига «Машаққатдан юлдузлар сари» панносини ишладим. Чизган ишим италияликларга маъқул тушди. Улар менга бутун мамлакат бўйлаб саёҳат қилишга шароит яратиб берди. Ушбу сеҳрли ўлкада Леонардо да Винчи, Микеланжелонинг шоҳ асарларини ўз кўзим билан кўрдим. Эҳ, ўша пайтдаги ҳаяжонимни сизга сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўлмас ижодкорларнинг бетакрор асарларини кўриб, қандайдир ғалати ҳолга тушиб қолдим. Чунки у пайтда мен ўзимни «буюк рассом» деб билардим-да. Ўша кезларда «Мен ҳам рассом бўлдимми?» деган ўкинч ўтди юрагимдан. Бир йилча, балки ундан ҳам кўпроқ вақт қўлимга мўйқалам ололмадим. Сафар баҳонасида ҳақиқий санъат оламига тушиб қолгандек эдим, гўё. Буюк рассомларнинг қабрини ҳам зиёрат қилдим. Микеланжело қабри ёнида эса кўзларимдан дув-дув ёш тўкилди... Барча жараёнларни – туғилиш ва емирилиш, юксалиш ва сўниш, зулмат билан ёруғлик, эзгулик билан ёвузлик алмашуви жараёнларини бошқарувчи, жаҳон энергияси билан йўғрилган макон фикримни чулғаб олган, хаёлий образларимда, асарларимда акс этган. Ўзим осиёликман, Европада модернизмга оид асарларим кўргазмасини ўтказган пайтларда менинг тимсолимда энг аввало Шарқ вакилини тасаввур қилиб, улар мени «Ўзбек модернисти» деб аташган.

 

«Ҳозир мен ички мулоқотдаман»

Рассомчилик ҳунари, академик кўникмалар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни жиддий равишда ёзиб бориш билан бирга мустақил фикр ва мушоҳадаларимни эъзозлайман. Талабалик йилларимданоқ академик ва мустақил, абстракт мушоҳада қилишга ўрганганман. Расмларни деярли эскизларсиз чизаман. Мабодо эскиз чизсам, кейин бу иш мени қизиқтирмай қўяди, гўё бир нарсани такроран чизаётгандек бўламан. Буюртмали ишларни иштиёқсиз чизаман – илҳомни атайлаб келтириб бўлмайди, шунинг учун ҳам кўпгина ишлар оғир кўчади. Фақат моддий манфаатни кўзлаб, рассомчилик касбини танлаётган ёшлар кўп ва улар хато қилишади. Аксарият ёшлар меҳнат қилгиси келмайди-да, абстраксия йўналишига ўтиб кетади. Тезроқ ишлаб, пул топсам дейди. Бунақа рассомнинг ижод йўли жуда қисқа бўлади. Ҳар хил кўчаларга кириб қолиб, ўзини топа олмайди. Биласизми, томошабинни алдаб бўлмайди. Баъзи ёшлар тез-тез шошиб, халтура ижод қилишади. Сурат чиза олмайди, бўёқларни матонинг уёғига отиб, буёғига отиб, бир нарсалар қилади-да, нима чиздинг деб савол берсангиз, «Мен борлиқни шундай кўрдим», дейди (жилмаяди). Аслида у суратда ҳеч нарса бўлмайди. Лекин рассомни хафа қилгингиз келмайди, синиб қолмасин дейсиз. Аммо бу каби рассомлар узоққа бора олмайди, мастер-класс кўрсата олмайди. Четга чиқса ҳам унинг асарлари ажралиб қолади.

Бу йил 75 ёшни қаршилайман. Умримнинг тарихга айланган йилларига назар ташласам, кўз очиб юмганчалик вақт ўтгандек, гўё. Ҳеч нарсага улгура олмагандекман, назаримда. Ўйласам, ҳали қилишим керак бўлган ишлар жуда кўп. Лекин вақт қараб турмайди. У – олий ҳакам. Умр инсонга синов учун берилади. Уни яхши ишларга сарфлаш, ортингиздан яхши ном қолдириш эса ўз қўлингизда. Шундай экан, умрнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланинг, ундан баҳра олиб яшанг. Ўқинг, ўрганинг, изланинг. Одамларга яхшилик қилишдан, гўзалликка интилишдан ҳеч қачон чарчаманг.

Саҳарлаб уйғониб,

нигоҳим ила

бирлаштириб тун-у кун

ҳамда тўрт унсурни

Абадият сари

тортдим бир чизиқ...

                                                Сирожиддин Нажмиддинов ёзиб олди.

 «O‘zbekiston talabasi» журнали 2023 йил 4-сон.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг