Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёш шоир хотиралари: Шавкат Раҳмон мактаби

Ёш шоир хотиралари: Шавкат Раҳмон мактаби

Мактабда ўқиб юрган чоғларим жуда кўп замондош шоирларни сиртдан яхши танирдим, албатта, вақтли матбуот орқали, бироқ то Тошкентга келгунча уларнинг биронтаси билан юзма-юз суҳбатлашиш насиб этмаган бизга.

Донгдор шоирлардан Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовларнинг газета-журналларда эълон қилинган туркумларини (чунки китоблари мактабимиз кутубхонасида йўқ эди), мавзуи ёшимга тўғри келмаса ҳам, ёдлаб олаверардим («Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар»)... Худо ёрлақаб, ниҳоят, устоз танлаш имкониятига эга бўлиб қолдим.

Ўшанда, аниқроғи, 1994 йилнинг май ойи ўрталарида камина машҳур миллатпарвар шоир Шавкат Раҳмоннинг ишхонасига бориб, улуғ таҳририят таклифини етказдим – «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида эълон қилинадиган шеърларимга тақриз ёзиб беришини сўрадим ва шу таҳририят тайёрлаган қўлёзмани қўлига тутқаздим. Аввалига танланган шеърларимни синчиклаб ўқиб чиқди, атиги, тўрт-бешта эди, бир пасда тугади. Қўлёзманинг охирги варағининг орқа томонига юзланаркан, менга қараб «Бор-йўғи, шуми?!» деди ажабланиб. Мен илжайиб елка қисдим. Кейинги саволлар устма-уст келди:

– Китобингиз чиққанми?

 – Йўқ ҳали, лекин қўлёзма тўпламим тайёр, қайси нашриётга беришни билмай турибман.

– Ҳа, нашриётлар анча чарчаб қолди. Қоғоз йўқ.

– ...

– Менга ўша қўлёзма тўпламингизни қачон олиб кела оласиз?

– Эртага олиб келсам, бўладими?

– Бўлади. Агар мен бўлмасам, қабулхона котибасига ташлаб кетсангиз ҳам бўлаверади. Ҳар хил йиғилишлар кўп, кутиб ўтирманг, дейман-да...

Қанчалик оғир ўйлар босимида борган бўлсам, у кишининг олдидан шунчалик енгил бўлиб чиқдим. Ҳатто қушдай учиб кетишгаям тайёр эдим. Менга қолса-ку, қўлёзмани шу куниёқ устоз ҳузурига етказардим, лекин ишхонадан бир соатга рухсат олиб, тез келиш шарти билан чиққандим, тез қайтиб бормасам бўлмасди. Республика радиосининг саноат бўлимида ишлардим. Йил бошида арзимаган (эсимда қолмаган) хатоим учун ишим 0,5 ставкага тушириб қўйилганидан маош чўғи пасайиб, моддий жиҳатдан қийналиб юрган пайтларим эди. Боз устига, эндигина мустақил бўлган мамлакатда иқтисодий ўтиш даври: йўғон – чўзилган, ингичка – узилган: аксар хонадонларда қора қозон ўчоқдан юз ўгириб, тўнкарилиб ётган замон!..

Хуллас, эртасига боғичли қоғоз папкани қўлтиқлаб, Шавкат аканинг олдига ошиқдим. У киши Байналминал маданият марказида ўринбосар лавозимида ишларди. Ишхонаси ҳозирги Олимпия шон-шуҳрати музейи биносининг биринчи қаватида жойлашган эди. Эшикни тақиллатиб, очдим ва киришга изн сўрасам, дарров «Киринг-киринг» деб илиқ қарши олди, лекин кўриниб турибдики, иш ниҳоятда кўп. Ўша кунлари Қирғизистон билан маданий алоқалар уюштиришга тайёргарлик кўрилаётганди, қирғиз делегациясини кутиб олиш ва қаерларда қандай тадбирлар ўтказиш бўйича дам сайин ҳали униси, ҳали буниси қоғоз кўтариб кириб келар, гоҳида чаққонгина котиба шошилинч кириб, у-бу ҳужжатларга қўл қўйдириб чиқиб кетарди. Шавкат ака эса, устма-устига сигара тутатар, орада шеър ўқишга ҳам фурсат топарди ва мен билан – ёнгинасида жим ўтирган янги меҳмон билан суҳбатлашишниям эсдан чиқармасди: кимларни, қайси китобларни ўқишим, шеърият ҳақидаги қарашларимга чунонам қизиқарди.

Машинкаланган қўлёзма шеърларимни бир-бир варақлаб ўқиркан, Шавкат ака айримларини бир четга ажратиб қўярди. Нимагадир «Қадимий қалқон»ни икки-уч марта ўқиди. Хонага кириб-чиқувчилар чалғитгани учун бўлса керак, деб ўйладим. Ниҳоят, менга юзландилар:

– Шундай шеър жанри борми ўзи?

– Ҳа, «аллетерация усули» дейилади.

Шарқ шеъриятида тажоҳули ориф, яъни «билиб туриб билмасликка олиш» маъносидаги шеърий санъат қадимдан машҳур. Унинг гўзал намуналарини Огаҳий, Навоий, Лутфий, Гадоий, Атоий, Фурқат сингари улуғ шоирлар ижодида кўплаб учратиш мумкин. Шавкат Раҳмондай етук шоир бундай латиф санъатдан бехабар бўлармиди! У атайдан менинг билиб ёзганимга ишонч ҳосил қилиш учунгина билмасликка олиб сўради – билдим. Маъқуллаб, бошини ирғаб қўйди-да, униям алоҳида ажратилган шеърлар қаторига қўшди. Сўнгра қачон келишимни тусмол билан айтди. Чамаси, икки-уч кун нарисини белгилади, яна шаҳар телефон рақамини бир қоғоз бўлагига ёзиб берди-да, келишдан олдин албатта қўнғироқ қилишимни тайинлади.

Нимагадир айтилган куни қўнғироқ қилишга ботинолмадим. Иши бошидан ошиб-тошиб ётганини ўз кўзим билан кўрганим учунми ё салобати изн бермадими, билмадим. Яна бир-икки кун ҳаяллаб қўнғироқ қилдим. Саломлашиб, ўзимни таништирдим ва олдига ўтмоқчи эканлигимни билдирдим. Шунда Шавкат ака беозоргина «ҳа-ҳа» деб турди-да, кечроқ соат 4 дан кейин келишимни тайинлади. Ўша вақтда борсам, хонасида экан, мени кўриб, юзлари ёришди, ичкарига таклиф қилди. Ўзига яқин жойдан – ўнг томонидан жой кўрсатди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, бир пиёла чой қуйиб узатди-да, у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтирди. Лекин «нега келдинг» деб сўрамади. Мен ҳам муддаога ўтмадим, гурунглари ёқимли эди. Кўпроқ суҳбатлашгим келарди, айниқса, ўзи ҳақида кўп нарса билишни истардим. Шахсий қарашлари деймизми, характери деймизми, бари менга қизиқарли эди. Анча ўтирдик. Ахийри, котиба кириб келди-да, оригинали оқ, нусхаси сариқ қоғозга кўчирилган бир саҳифа тақризни қўлига узатди. Шавкат ака шу заҳоти оқ қоғоздагисини ўқиб чиқиб, тузатди ва қўл қўйди. Кейин иккинчи нусхасини бир қур кўздан кечириб, тағин имловий хатоларни тўғрилади. Ўша иккинчи нусха ҳозир ҳам менинг архивимда сақланади: унда саккизта имловий хато тузатилган (котиба шошилинч кўчирган, шекилли), энг қизиғи, охирги хатбошидаги исмим ҳар иккала жойда «Сўфи» тарзида ёзилган, устоз уларни яшил сиёҳда «Сафар» деб тузатган ва «23.05.94» санасини зарб этган.

Ниҳоят, шу тақриз ва бир туркум шеър «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1994 йилнинг 23 декабрь сонида эълон қилинганди.

Туркийлар

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил Худони.

Қиличлар занглади…
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.

Илвасин йигитлар,
бобур йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.

Туркда бош қолмади…
қолмади довлар,
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«Бизга тик қарама», — буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.

Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зеб-у забари,
«Терс қараб ўлинг», — деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.

Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари.
«Туғингиз, — деди ёв, — тескари қараб»,
ёвларга терс қараб туғилди бари.

Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирқилган — имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.

Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.

Бу ҳолда буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.

Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.

Борми эр йигитлар,
борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмон-у фалакка етган болалар.Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб туйинг:Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Шавкат Раҳмон

Устозим Шавкат Раҳмон хотирасига бағишлов

Шукуҳли сурурни, воҳким, йўқотдим,
Жудоликка зўрға етди тоқатим!..
Сизсиз мубҳам, нурсиз бу олам ичра
Кимдир зир югурди, йўлда ётди ким.

Чопган зотлар ора йўлда қолмади,
Йўлин йўқотганлар ҳамроҳ бўлмади...
Шукур десам, орга малол келмасми,
Қаламдан қўл қотди, билак толмади.

Эвоҳ, ёнингизда юролмадим-а,
Жой топиб беролмас дунё дардима:
Сўнгги сўзингизни қалб ила тинглаб,
Қабрингиз бошида туролмадим-а!

Мен қандай шогирду Сиз қандай устоз –
Узоқлик яқину яқинликлар оз.
Не ажаб, устозлар бўлса нуроний –
Шогирдлар қалби шод, қадди сарафроз!

Сиз нега йўларо қоқилгансиз-а,
Ё қисмат барвақт ҳур йўл очган Сизга...
Ўзбекнинг беназир жигарбандисиз,
Фикрату футувват ижодингизда!

Топилгайми Сиздай тийнати кабир,
Тўғрисўз, собитқалб ва жўмард Шоир!!
Миллатни бемисл севишингиздек
Некбин фазилатлар мангу сабоқдир!!!

Сафар Оллоёр

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг