Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентга Туркиянинг 500 йиллик тарихий ҳужжатлари олиб келинди

Тошкентга Туркиянинг 500 йиллик тарихий ҳужжатлари олиб келинди

Ўзбекистон Бадиий академиясида «Усмонийлар империясида дипломатия ва меҳмондорчилик» деб аталган кўргазма иш бошлади. Очилиш маросимида сўзлаган Туркиянинг юртимиздаги элчиси Олган Бекар кўргазманинг айнан Тошкентда ўтказилиши алоҳида маъно-мазмун касб этишини таъкидлади.

Туркия элчихонаси, Юлдуз техника университети ҳузуридаги Султон Абдулҳамид II номли тадқиқотлар маркази ва Бадиий академия ҳамкорлигида тайёрланган кўргазмада Усмонийлар давлати ташкил топганидан то ХIХ асргача бўлган дипломатик расм-русумлар намойиш қилинмоқда. Экспонатлар орасида, шунингдек, Франция, Швеция, Норвегия, Япония, Германия, Эрон ҳукмдорлари ва сулола аъзоларининг Истанбулга ташрифига оид ёзма ҳужжатлар ва кўргазмали далиллар мавжуд.

Мутахассисларга кўра, Усмонийлар империяси ўзидан олдинги турк-ислом давлатларига хос дипломатик расм-русумларни давом эттириш, халқаро таомилни такомиллаштириш, бойитиш асосида ўзига хос дипломатия анъаналарини шакллантирган. Туркий сулола ўз дипломатик анъаналарини дунё мамлакатлари томонидан қабул қилинган расм-русумларга уйғун тарзда ривожлантирган.

Кўргазма ва унинг доирасида чоп этилган махсус каталог Усмонийлар ҳамда Туркия дипломатиясининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ютуқларини танитишга хизмат қилади.

Маданий лойиҳа Туркия ташқи ишлар фаолиятининг 500 йиллиги ва Республиканинг 100 йиллиги доирасида амалга оширилган.

Кўргазма 4 ноябрга қадар давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг