Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сочи узун «ўзбек келини»нинг кутилмаган «эволюция»си

Сочи узун «ўзбек келини»нинг кутилмаган «эволюция»си

Бутун дунё кино саноатида шафқатсиз қоида бор. Кечаги севимлилар – бир кун унутилишга маҳкум, агар ижоддан тўхтаб қолса. Режиссёрлар янги қиёфаларни кашф этади, янги юлдузлар порлайди, аввалгилари эса уларнинг соясида қолиши мумкин... Йиллаб танаффусдан кейин яна қайта ижод бошлаш, янги роллар олиш эса, кино оламида анчайин қийин масала.

Актриса Нилуфар Ҳамидова илк бор сериалда узун сочлари билан танилган бўлса, кейин «калта кўйлаги» билан қайтадан танилди. Актрисанинг «Туташ тақдирлар» сериалидаги биринчи роли жудаям кўпчиликка манзур бўлган, у ўша образда ҳақиқий ўзбек келини тимсолини ифодалаган эди... Аммо ўша узун сочли келин тимсоли томошобин кўз олдидан кетмай туриб, кутилмаганда «очиқ» кийимларда намоён бўла бошлади. Чиқишларидаги мавзулар ҳам ўша имиджда мос, бир сафар интим муносабатлардан «дарс» берса, бошқа сафар кўрсатувда жанжал кўтаради. Ҳатто бир сафар «Миллион» жамоаси концертида очиқ либосда саҳнага чиққанлиги учун «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан огоҳлантирилди ҳам. Аммо бу огоҳлантириш «чивин чаққан»чалик таъсир этмади. Шу-шу очиқ-сочиқ кийимлар актрисанинг ташриф қоғозига айланиб қолди.

Ижтимоий тармоқлар унинг суратлари, видеолари, шов-шувли «томошалари» билан ғиж-ғиж тўлди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди, «соққа» қиладиган хизматлар (тўйлар) кўпайди. Режиссёрлар уни «санъати»га мос ролларга чақира бошлади, аксарияти 18+ тоифасида.

Нилуфархоним танаффусдан қайтганидан сўнг унинг «ижоди» гўёки «ёняпти». Ҳа, бунинг учун ўзига хос тактика зарур ва актриса буни хунук йўл билан «эплаяпти». Назаримда, у энди ҳаётда ҳам ролга киришиб кетди. Ўзига шунақа образ яратиб олиб, омма эътиборини тортишга ҳаракат қиляпти. Аммо бу образининг умри узоқ деб бўлмайди.

Актриса чиқишларидан бирида «мен романтик актрисаман» дейди, лекин ўша «романтик» ролларини деб ўзбек оилалари бир дастурхон атрофида телевизорни ёқа олмай қоляпти. Қайсидир бир ролида «жияним» деб, хушторини уйига меҳмонга чақиради, «меҳмон» билан қайнона-қайнотали уйда ишқий муносабатда бўлади... Бунақа «романтик» образлар ўзбек филмларига нега керак? Кимлар учун улар?

Бунақа роллар, чиқишлар айрим тоифа томошабинларни бир қизиқтиради, икки қизиқтиради. Юз қотгандан кейин калта куйлак ҳам «жозибаси»ни йўқотади.

Кино мухлислари суюклиларидан ўзгача роллар кутади. Бир вақтлар экранларда ҳақиқий ўзбек келини сиймоси бўлгансиз. Ўзингиз файз бағишлаган оилалар даврасини энди «романтик» роллар билан совутманг. Балки, энди (калта) этакни йиғиштириб, яна ижод қилиш пайти келгандир. Ёки ҳақиқий санъатда рақобатдан шунчалик қўрқасизми?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг