Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бобур ва «Боғи Бобур» – афғонистонликлар эътирофида

Бобур ва «Боғи Бобур» – афғонистонликлар эътирофида

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилда Фарғона водийсининг Андижон шаҳрида туғилган. Бобур Мирзо 1504 йилда Мовароуннаҳрдаги сиёсий кураш натижасида она ватанида чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бобур бир муддат саргардонликлардан сўнг Афғонистон шимолига лашкар тортиб, Кобулни эгаллади. Бобур Мирзо Афғонистонда ҳукмронлик қилар экан Кобулни обод қилиш учун кўп ишларни амалга оширди.

Бобур Мирзо ўзининг «Бобурнома» асарида Афғонистонда амалга оширган ишлари ҳақида батафсил ёзган. Ўша вақтда Ҳирот Шарқий Ислом оламининг маданий пойтахти бўлган. Бобур ўз хотираларида Ҳирот билимли ва фикрли одамлар билан тўла эканлигини баён этган.

Бобур Мирзо боғлар барпо этишга ошуфта бўлган. У Афғонистонда ҳукмронлик қилган даврда етти боғ, жумладан Кобулдаги тўрт боғ қурдирган. Булар: Боғи Шаҳроро, Боғи Вафо, Боғи Столиф ва Боғи Бобур.

Боғи Бобур 1528 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган. Бу боғ «Гузаргоҳ» деб номланган ҳудудда жойлашган. Ғарбдан Чеҳелстун йўли ва Дориламон йўли, шарқдан Шир Дарвоза тоғи, жанубдан Чеҳелстун ҳудуди билан боғланган. Унинг майдони 11 гектарни ташкил қилади.

Бобур 1530 йилда Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида вафот этган. У Боғи Бобурга шунчалик меҳр қўйгандики, ўлимидан сўнг шу боғга дафн қилинишини васият қилган. Унинг бу васиятини ўн йилдан сўнг ўғли Ҳумоюн отасининг афғон рафиқаси Биби Муборака билан амалга оширади. Шундан бери бу боғ Боғи Бобур деб номланади. Унинг қабри оқ мармардан ясалган, қабр тепаси очиқ, атрофида деразалар кўриниб туради. Қабр атрофидаги бинафшаранг дарахтлар тасвирлаб бўлмайдиган гўзаллик яратган.

Мирзо Бобурнинг набираси Шоҳ Жаҳон кейинчалик Боғи Бобур ичида ёдгорлик масжиди барпо эттирган. Бобуршоҳ қабри ёнида унинг ўғли Ҳиндол Мирзо ва набираси Мирзо Ҳаким қабри ҳам кўринади. Бундан ташқари, Боғи Бобурда «Малика сарой» (бобурий маликалар яшаган) ҳам жойлашган. Афғонистон амири Абдул Раҳмон Хон (1844-1901) ҳам Боғи Бобур ичида ёзги сарой қурдирган.

Боғи Бобурга оддий одамлар кириши ва сайр қилишлари тақиқланган. Афғонистон амири Муҳаммад Нодиршоҳ (1883-1933) ҳукмронлигидан кейин бу боғнинг дарвозаси халқ учун очилган. Одамлар фақат жума ва дам олиш кунлари Боғи Бобурга киришлари мумкин бўлган.

Ҳозирги вақтда Боғи Бобурда маданий-бадиий дастурлар, сурат кўргазмалари, ҳаттотлик, рассомлик, ҳунармандчилик, мусиқий концертлари ўтказиб турилади. Маҳаллий ва хорижий муассасалар «Малика сарой»да йиғилишлар ўтказади.

Боғи Бобур уч маротаба: биринчи марта – амир Абдул Раҳмон даврида, иккинчи марта – Муҳаммад Нодиршоҳ даврида ва учинчи марта – Ҳамид Карзай даврида таъмирдан чиқарилган. Ҳамид Карзай даврида боғ Оғохон маданият жамғармаси томонидан қайта таъмирланган.

Бу боғда манго, анор, ўрик, олма, нок, шафтоли, бодом каби ҳар хил дарахтлар бор. Бобур боғида турли гул ва ўсимликларни кўриш мумкин. Бу боғда карвонсарой, масжид, малика саройи, сув омбори, ҳовуз, боғнинг ўртасидан оқиб ўтувчи сой, ресторан ва ошхоналар жойлашган. Бу боғнинг карвонсаройида антиқа буюмлар, ҳунармандчилик, ёғочдан ясалган буюмлар сотиладиган дўконлар бор. Ушбу боғга кириш тўлови маҳаллий фуқаролар учун 20 афғоний (Афғонистон пул бирлиги) ва хорижий фуқаролар учун 250 афғоний. Ёзда чоршанба кунлари оилалар учун, пайшанба кунлари эса ёшлар учун маҳаллий концертлар ўтказилади. Баҳор ва ёзда бу боғда жуда яхши об-ҳаво мавжуд.

Фархунда Фрутан АМИРИЙ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг