Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Афросиёб» музейи янги қиёфа олди

«Афросиёб» музейи янги қиёфа олди

Самарқанддаги машҳур «Элчининг ташрифи» деворий сурати сақланадиган «Афросиёб» музейи рестоврациядан сўнг қайтадан, тўла форматда иш бошлади. Корея миллий мерос жамғармаси ва Ўзбекистон миллий маданий мерос агентлиги ҳамкорлигидаги таъмир ишларида 290 минг доллардан ортиқроқ маблағ сарфланган.

Рестоврация жараёнида музейнинг биринчи қавати экспозицияси фони замонавий технологиялар билан жиҳозланган, кўргазмалар зали, видеозал ва йўлаклардаги ускуналар янгиланган.  Шунингдек, бинонинг томи қайтадан ёпилган ва иккинчи қаватдаги шифт ҳам янгитдан ўрнатилган. 

 – Кореянинг Маданий мерос жамғармаси ОDА (Official Development Assistance) дастури асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган «Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий туризм салоҳиятини ошириш» лойиҳаси доирасидаги иш бу, – дейди «Афросиёб»  музейи директори Самариддин Мустафоқулов. – Янги экспозицияни лойиҳалашда девор сиртининг умумий ранг таркиби масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Заллардаги экспонатларни тўғри ёритиш учун ранг комбинацияси ўзига хос қилиб танланди. Полдаги мармар қопламлари ва деворларнинг асосий ранглари  уйғунлаштирилган ҳолда махсус мосламалар билан ёритиладиган бўлди.

Янгиланиш муносабати билан ўтказилган тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси бош консули Кук Жанг Ҳюн «Афросиёб» деворий суратлари бундан 1400 йил аввал дипломатик миссия билан Корея ярим оролидан Самарқандга келган элчиларни эслаш мақсадида чизилган» деди.

Музейга 13 ва 14 мартда кириш ҳамма учун бепул экани эълон қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг