Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда аҳолига маълум миқдорда пул бериладими: кимларга ва қандай қилиб? (видео)

Ўзбекистонда аҳолига маълум миқдорда пул бериладими: кимларга ва қандай қилиб? (видео)

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда коронавирус аниқланган кунданоқ аҳолига моддий ёрдам бериш масаласини муҳокама қилган. Бош вазирнинг ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва Молия вазири Тимур Ишметов пулларни кимларга ва қандай қилиб тарқатиш мумкинлиги ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Бу ҳақда улар иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатда тўхталиб ўтишди.

Дунёнинг қатор мамлакатларида коронавирус пандемияси шароитида қийин аҳволга қолган аҳолисига моддий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда. Ўзбекистонда ҳозирча эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш асосан кундалик эҳтиёжда зарур воситалар, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш шаклида кўрсатилмоқда.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон ҳукумати ҳам даромад манбаидан маҳрум бўлган муҳтожларга ва ишсизларга маълум миқдордаги маблағ бериш имкониятини кўриб чиқиши кераклигини таклиф қилди. Бу ҳақда у онлайн мулоқотда Бош вазирнинг ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва Молия вазири Тимур Ишметовга савол билан мурожаат қилди.

Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда коронавирус аниқланган кунданоқ аҳолига моддий ёрдам бериш масаласини муҳокама қилган. Фақат пулларни кимларга ва қандай қилиб тарқатиш механизми ўйлантирмоқда.

«Саволингизга ҳукумат вакили сифатида эмас, иқтисодчи сифатида жавоб бераман. Мен бунга ижобий қарайман. Аммо энг қийин савол – кимга ва қандай қилиб пулни тарқатиш масаласи. Агар бу пандемия бўлмаганида, биз ҳар бир уйга нақд пул олиб бориб берардик. Аввалига банклар орқали пенсия ва нафақаларни нақд пулда тарқатиб, биз мамлакатда вирус ташувчи бўлиб қолишимиз мумкинлигини кечроқ тушиниб қолдик. Нақд пул вирус ташувчи экани маълум бўлдику.

Агар одамларнинг ҳеч бўлмаганида 80 фоизи легал секторда ишлаганида, пул тақсимотида муаммолар бўлмас эди. Ойлик маошидан қатъи назар, биз барча ходимларга (ҳисобига) маълум миқдорда пул (ўтказиб) берардик. Лекин кўплаб секторларда нолегал тарзда ишлаб юрган йигит-қизлар бор. Улар нима бўлади, деган савол бор.

Иккинчи йўли, яъни масала бу – пулни кимларга тарқатиш. Бир вариант бор – бу болалар орқали. Масалан, ҳар бир оиланинг 16 ёки 14 ёшгача бўлган болалари номига пул ўтказиш. Аммо бунда ҳам битта камчилик бор. Фарзанлари бўлмаган ёшлар кўп. Оиласидан алоҳида яшайдиган 24-25 ёшдагилар бор. Айниқса, шаҳарларда мустақил яшайдиганлар кўп, жумладан Тошкент шаҳрида. Улар жамиятнинг олд қисми. Имкони бўлса, биринчи навбатда шундай мустақил ёшларни қўллаб-қувватласак...

Лекин пул тарқатишнинг қандайдир гепотетик йўллари ва бу ҳақда қарор йўқ. Мен фақат иқтисодчи сифатида фикр билдирмоқдаман. Маълум миқдорда пул тарқатиш талабни жуда яхши рағбатлантиради ва шакллантиради. Бунинг ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий ижобий тарафлари бор. Лекин пули масаласичи дейилса, собиқ молия вазири сифатида ҳолатнинг қийинлигини тушунаман», – деди Жамшид Қўчқоров.

Молия вазири Тимур Ишметов ҳозирги инқироз бирор кишининг хатоси ёки ҳукуматнинг айби билан юзага келмаганини эслатиб ўтди.

«Яъни, бутун дунёда мамлакатлар ўз иқтисодиётини онгли равишда тўхтатиб туришга қарор қилди. Бу нима учун қилинди? Биринчи навбатда, ўз аҳолиси ҳаётини сақлаб қолиш учун қилинди.

Биз ҳозир бу масалани иқтисодчи сифатида муҳокама қиляпмиз, шундай экан, амалдаги ҳаракатларимиз эртага бирламчи масалани оқлайдими деган саволни ўз олдимизга қўйишимиз керак. Саволингизга Жамшид Анварович жавоб бериб ўтди, фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

15 март куни йиғилиш бўлганида ушбу савол биринчи бўлиб кўтарилган. Ўшанда менинг ўзим буни қанчалик қилиш керак, қачон қилиш керак ўзим учун, ҳамкасбларимга жавоб беролмаганман. Чунки 15 мартда биз қанчалик иқтисодиётни тўхтатиб турамиз, қанчалик чекловларга борамиз, буни билмаганмиз. Кундан-кунга вазиятни билиб, чораларни қатъийлаштириб борганмиз. Бошданоқ давлатнинг асосий мақсади – аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўлган. Бу Президентнинг имтиёзлар тўғрисидаги иккита фармонида ҳам акс этди. Унда нафақалар тўлаш, шунингдек, хусусий бизнес субъектларига ходимлари иш ҳақини тўлаш учун банклар томонидан кредитлар берилишини ташкил этиш топширилди.

Саволингизга келадиган бўлсам, бирламчи – ижтимоий масала, кейин – иқтисодий. Пулни қандай қилиб тарқатиш масаласига келсак, менинг фикримча, фақатгина одамларнинг банк ҳисоб рақамига, яъни пластик карталарга тушириб бериш орқали. Агар банк картаси бўлмаса, янги карта очиб, пул тушириб бериш мумкин бўлади. Бошқа йўлларни кўрмаяпмиз. Иккинчиси бу – оила тамойилига асосланиш керак. Яъни, пулни ҳар бир одамга эмас, балки оилаларга тақсимлаш. Албатта, бунда оила аъзоларининг сонига қаралади. Мақсад – кимдир олиб, кимдир қолиб кетмаслиги керак. Айнан хусусий секторда ишсизлар ва ишини йўқолганлар кўп. Давлат секторидагилар эса ойлигини олишда давом этмоқда» – деди Тимур Ишметов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг