Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

101 ёшли аёл уч марта коронавирусга чалинди

101 ёшли аёл уч марта коронавирусга чалинди

Фото: «РИА»

Италиянинг Ломбардия вилояти Арденно шаҳрида яшовчи, июлда 101 ёшни қаршилаган Мария Орсингер уч марта коронавирусга чалинди, лекин, шунга қарамай, ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Касаллик кекса аёлда биринчи марта февраль ойида, Италияда COVID-19 эпидемияси энди бошланганда қайд этилди. Инфекциянинг асосий ўчоғи ҳам айнан Ломбардияда жойлашган.

«Онамни шифохонага ётқизишди, ўшанда ҳам шифокор менга кекса беморлардан ҳеч қайсиси касалликни бунчалик енгил ўтказмаганини айтганди. Унинг иситмаси деярли чиқмади ва мустақил ўзи нафас олди. Бироқ икки ой олдин коронавирусга топширган янги тест натижаси ҳам мусбат чиқди», — дея «La Provincia di Sondrio» газетасига маълум қилди аёлнинг қизларидан бири Карла.

Сентябрда Апеннинда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланганда Орсингер яна шифохонага тушиб қолди. Яқинларининг гувоҳлик беришича, бу сафар унинг озгина иситмаси чиққан, аммо касаллик анча енгил кўринишда ўтган.

«Онам 18 кун шифохонада ётди. Шифокорлар ва ҳамширалар бизга ҳар куни қўнғироқ қилиб туришди. Улар онамнинг касалликни енгил ўтказаётганидан ҳайратда эдилар», — дея таъкидлади беморнинг бошқа қизи Инес.

Шифохонада Орсингер унга «Мария буви» деб ном беришди. Тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, чинакам метин феъл-атвор соҳибаси бўлган митти ва нозик аёл ҳеч қачон ҳеч нимадан шикоят қилмаган. Тест натижаси манфий чиққандан сўнг кекса аёлга шифохонадан рухсат беришди. У олти йилдан бери яшаётган қариялар уйига қайтиб борди.

«Ўтган ҳафта бизга қўнғироқ қилишиб, коронавирусга умумий текширув пайтида онамизда тест натижаси яна мусбат чиққанлигини айтишди. Бу сафар у ёлғиз ўзи касалланди. Лекин уни ҳеч қандай аломат безовта қилмаяпти, ўзини яхши ҳис қиляпти, ҳатто, иштаҳаси ҳам жойида. Амалдаги қоидаларга кўра, ҳозирча биз уни бориб кўролмаймиз, лекин, учрашувни сабрсизлик билан кутяпмиз», — дейди Инес.

Мария Орсингер 1919 йил 21 июлда — испан гриппи пандемияси айни авжига чиққан паллада деҳқон оиласида дунёга келган. Гарчи «испанка» билан оғримаган бўлса-да, Иккинчи жаҳон уруши даврида кўп синовли дамларни бошидан ўтказди. Уруш йиллари пайтида турмушга чиқди. Кейинчалик олти болани дунёга келтирди, турмуш ўртоғининг биринчи никоҳидан бўлган икки ўғилни ҳам қабул қилди. Бутун умри давомида «Мария буви» мустаҳкам соғлиғи билан ажралиб турган. Фарзандларининг сўзларига кўра, у ҳамиша меҳнатни энг яхши дори деб билган. Сўнгги йилларда унга ноқулайлик туғдираётган ягона нохушлик бу карлик ҳисобланади.

COVID-19 эпидемияси даврида италиялик шифокорлар коронавирусга қайта чалиниш ҳолатини бир неча бор қайд этишди. Шу билан бирга, экспертлар тест натижалари нотўғри чиқиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг