Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зилзиладан бир йил ўтиб: Малатя вилоятида нималар қилинди?

Зилзиладан бир йил ўтиб: Малатя вилоятида нималар қилинди?

Маълумки, аввалроқ Туркияда зилзиладан кейин амалга оширилган ишлар, Қаҳрамонмараш ва Адиямандаги ҳолат бўйича мақолалар тақдим этилганди. 

Зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича қилинган ишлар билан танишиш мақсадида Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Шимолий Кипр Турк Республикасидан келган жами 34 нафар ОАВ вакиллари сафарнинг учинчи куни Малатя вилоятида бўлишди. Бу минтақа ўзининг ўриги ва турли ширинликлари билан машҳур ҳисобланади.

Олдинги учрашувлардан фарқли ўлароқ бу галги вилоят губернатори билан мулоқот Малатя халқ кутубхонасида ўтказилди. Якшанба куни бўлишига қарамай ҳашаматли бинода жойлашган кутубхонада ёшлар жуда ҳам кўп эди. Бинонинг ҳашаматига яраша кутубхонада қулай шароитларни эътироф этиш жоиз. Ўғил-қизларнинг нафақат гуруҳ машғулотларида, балки алоҳида жойлашиб китоб мутолаасига машғул бўлишаётганига гувоҳ бўласиз.

Малатя губернатори Эрсин Яазачи қардош халқлар матбуот вакиллари билан мулоқотда бўлаётганидан хурсандлигини билдириб, вилоятда табиий офат зарарлари ва уни батараф этиш йўлидаги чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

– Вилоятимизда бошқа ҳудудларга нисбатан ўлим кам бўлди, – деди губернатор жаноблари. – Сабаби – ватандошларимиз зилзиланинг иккинчи тўлқини ҳақида тезкор огоҳлантирилган эди. Тўғри, бинолар кўп зарар кўрди, аммо бу инсонлар ҳаёти олдида катта аҳамиятга эга эмас.

Губернаторнинг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш тизимидаги катта шифохоналар зарар кўрмаган. Шу сабабли улар бир маромда ўз фаолиятини давом эттирган.

Вилоятдаги 46 та мактаб табиий офатдан зарар кўрган, 2 таси вайрон бўлган. 855 та синфхонага шикаст етган. Айни пайтда 1600 та синфхона таъмирланмоқда, уларнинг 500 таси фойдаланишга тайёр бўлган.

Вилоят раҳбари кичик бизнес, деҳқон ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига таъкидлади. Хусусан, тижоратчилар учун 313 гектар майдонда 11 мингта савдо дўконлари қурилмоқда, давлат томонидан фермерларга 695 миллион лира ва ҳунармандларга 2 миллиард лира миқдорида ёрдам кўрсатилган.

Аҳолига ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам бериш ишлари давом эттирилмоқда. Шу даврга қадар зилзиладан азият чеккан фуқароларга 6,1 миллиардлик моддий ёрдам, ҳар ойда 5 минг лирадан “Эсен” пластик карталарига пул тушириб берилмоқда. Шунингдек, зилзила натижасида руҳий жароҳат олганлар билан психологлар, экспертлар ва дин вакиллари шуғулланишмоқда.

Губернатор Малаятда ҳаёт давом этаётгани, бир-икки йилда ўз маромига тушиб кетишини, бошқа жойларга кўчиб кетганлар яна қайтишига умид билдирди.

Журналистлар губернатор билан бўлиб ўтган савол-жавобдан сўнг Батталғози туманидаги Гелинчактепадаги қурилаётган тураржойлар томон йўл олишди. Ҳозир бу ерда 84 гектар майдонда кўпқаватли уйлар бунёд этилмоқда. Айни пайтда 35 та уйдаги 726 та хонадон қуриб битказилган. Яқин орада хонадонлар қуръа ташлаш орқали ўз эгаларига топширилади. Беш қаватли уйлардаги хонадонлар барча зарур шароитлар билан қурилган.  

Бу ерда қурилиш компаниялари вакиллари билан қизғин суҳбат бўлди. Уч кунлик пресс-тур давомида АFAD ва ТОKI ташкилотлари кўп бора тилга олинди. Қуйида ушбу ташкилотлар тарихига қисқа тўхталиб ўтамиз.

АFAD – Туркиянинг фавқулодда ҳолатларда табиий офат оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланадиган агентлик (бошқарма). Унинг фаолиятини номини ўзи билдириб турибди. ТОKI ижтимоий уйлар қурилиши билан шуғулланадиган давлат бошқармаси ҳисобланади. Тарихи 1924 йилга бориб тақалади, асосчиси Камол Отатурк. Ўша йилда Эрзурумда содир бўлган зилзила оқибатларини давлат томонидан бартаф этиш мақсадида ташкил қилинган. Ўз вақтида Туркия Президенти Турғут Ўзол ҳам бу компания фаолиятида баъзи ислоҳотларни ўтказган. Турғут Ўзолнинг топшириғига кўра, 1984 йилдан ҳозирги номни олган. 2003 йил 7 августдаги ўша пайтдаги Бош вазир, ҳозирги Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг фармойишига кўра бошқарманинг фаолияти янада кенгайтирилди. 2021 йилнинг 7 июлида ТОKI томонидан қурилган миллиончи уйни фойдаланишга топширилиш маросимини очиб берган. Компания қурган уйларда 5 миллиондан зиёд туркияликлар истиқомат қилишмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг