Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«ЗАГС»ларда нима ўзгаради?

«ЗАГС»ларда нима ўзгаради?

Фото:«Xabar.uz»

«ЗАГС» органлари – ҳар бир инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳужжатларни тақдим этувчи идора ҳисобланади.

Жорий йилнинг 1 апрелидан мазкур ташкилот Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтгач, соҳада бир мунча ўзгаришларга старт берилиши кутилаётганди.

Куни-кеча Ҳукумат томонидан ФҲДЁ соҳасига оид яхшиланиш ишлари амалга оширилиши белгиланган қарор тасдиқланди.

Ўз тасарруфига ФҲДЁ соҳасини қабул қилган ДХА, биринчи навбатда тизимда фаолият юритувчи ходимларни аттестациядан ўтказиш ишларини бошлади. 

Бундан ташқари, эндиликда ФҲДЁ органларида техник ходим бўлиб ҳисобланувчи архивариус лавозими тугатилиб, бошқарувчи ҳисобланмиш 1 ва 2-тоифали инспектор лавозимлари жорий этилади.

Барчага аён, коррупция ҳолатларини олдини олиш учун, авваламбор ходимларга муносиб иш шароитини яратиб, қилган меҳнатига адолатли ҳақ тўланиши лозим. Бу борада «ЗАГС» ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўлимлари ходимларига тенглаштирилади.

Бу билан ФҲДЁ ходимлари  ойлик иш ҳақлари ўрта ҳисобда 3 бараварга ошиши, ФҲДЁ органи мудираси иш ҳақи  5,0 млн. сўмга (1,5 млн. сўм бўлган), 1 ва 2-тоифали инспекторлар иш ҳақи 3,2-3,5 млн. сўмга етиши (1,2-1,3 млн. сўм бўлган) кўзда тутилмоқда.

Адолатни таъминлаш учун ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари мудирлари, инспекторлари ҳокимликлар тизимидаги ишлаган даври кўп йил ишлаганлиги учун устамалар тўлаш ҳамда мартаба даражалари олишга зарур бўлган иш стажига қўшилади. Шу билан бирга, уларга қўйиладиган талаблар ҳам шунга яраша бўлади.

Хўп, ходимларга қулайликлар яратилди, аҳолига-чи? Аҳолига нима наф?

Ушбу йўналишда ҳам анча ўзгаришлар кутилмоқда. Мисол учун, эндиликда ФҲДЁ органларини туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажрим тўғрисидаги гербли гувоҳномалари билан Давлат хизматлари агентлигининг буюртмаларига асосан тўғридан-тўғри таъминлаш тартиби жорий этилмоқда.

Яъни “ЗАГС” ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик миссияларига тегишли гербли гувоҳномалар янада тезкорроқ етказилади.

Навбатдаги қулайлик, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини ўз вақтида олмаганлар учун қизиқ бўлади.

Илгари 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш фақат суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилар эди. Энди эса тегишли тиббий маълумотнома мавжуд бўлса, унинг туғилиши ота-она ёки улардан бири ва вояга етган боланинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.

Қарор билан, шунингдек бир қатор ҳужжатларни олиш тартиби соддалаштирилди. Масалан, фуқаролик ҳолатлари, жумладан, никоҳ ёки туғилганликни қайд этиш эндиликда гербли гувоҳномалар тақдим этилгандагина эмас, балки, ФҲДЁ архиви маълумотномалари асосида ҳам амалга оширилиши имконини беради. 

Бола туғилганда бериладиган суюнчи пули, дафн маросими учун бир маротабалик нафақа пулларини олиш учун маълумотлар энди қўлма-қўл фуқароларга берилмасдан, Пенсия жамғармасига махсус электрон тизим орқали тўғридан-тўғри юборилади. 

Эндиликда никоҳланувчиларга қўшфамилияликка рухсат этилади. Масалан, куёв Аҳмедов келин Шуҳратова бўлса, шунда куёв Аҳмедов-Шуҳратов, келин эса Аҳмедова-Шуҳратова бўлиши мумкин.

“ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилаётган маълумотларнинг тўғри ва актуаллиги доимий равишда текшириб борилади. Бунинг учун ФҲДЁ органлари ходимлари архивдаги мавжуд ҳужжатларни электрон тизимга киритилган маълумотлар билан солиштириш орқали назорат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг