Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Янгиобод» – эски буюм бозорида эски тугманинг ҳам харидори бор

«Янгиобод» – эски буюм бозорида эски тугманинг ҳам харидори бор

«Янгиобод», яъни Қўйлиқдаги эски нарсалар сотиладиган бозорга борганмисиз? Балки эҳтиёж бўлмаган дерсиз? Кўпчилик «барахолка» деганда фақат эски нарсалар сотиладиган бозор деб ўйлашади ва қизиқмайди. Аммо бундай бозорлар бутун дунёда мавжуд.

Германиядаги эски буюм бозори.

Ва энг қизиғи бу бозорларнинг ҳамиша ўз харидорлари бор. Айтайлик, сиз онангиздан эсдалик бўлиб қолган чойнакнинг қопқоғини синдириб қўйдингиз, шу бозорга келинг. Ёки олти кишига мўлжалланган идишларингиз орасида бир-иккитасининг чети учган – ўрнини тўлдирмоқчимисиз, марҳамат. Кўпчилик боғ ишларига ёки устахонаси учун арзонроқ асбобларни сотиб олишни режалаштирмоқда – эскиларига нима қилибди ишлатилган бўлса, ахир янги кетмон, болға, куракдан анча арзон-ку. Қурилиш бошладингиз, ишчилар учун эски комбинезон, футболка, шим ва пойабзални ҳам шу ердан қидирсангиз бўлади. Ёки янги велосипедга озроқ пул етмаяпти, ҳозирча фарзандингизни сал эскироғи билан хурсанд қилиб туринг... Ҳатто бу ерда жуда қадимий кичкина мотоциклни учратишингиз мумкин. Нархига қизиқаяпсизми – нақ икки миллион, балки келишса бўлар...

Келинг саёҳатни, аввало Тошкентдаги, Қўйлиқ бозорига яқин «Янгиобод»дан бошлаймиз. Бозор эшигидан кирмасингиздан бошланади. Бу сотувчилар олибсотарлар эмас. Чунки уларнинг буюмлари мутлақо бир-бирига номутаносиб – болаларининг кичкина бўлиб қолган эски кийимлари, зонтик, этикча ёки сопол идиш, чети учган чойнак. Аммо ичкарилаб бошлаган сарингиз фикрингиз нотўғри эканлигини англайсиз. Масалан, бир жойда фақат эски соатлар сотиляпти.

Улар жуда қадрли соат ишқибозлари учун, яна бир жойда фақат фотоаппаратлар, яна бир жойда идиш-товоқлар, яна бир жойда эса қўғирчоқлар.  

Бозорга кираверишдаёқ бу ернинг муҳити ўзига хослигини англайсиз. Англамасликнинг иложи йўқ, қулоқ тутинг: маълум эпоха севиб тинглаган Ортиқ Отажонов куйлаяпти:

«Умр ўтар, вақт ўтар, Хонлар ўтар тахт ўтар, Омад ўтар бахт ўтар, лекин ёдимдан чиқмас...» Бирданига кўз ўнгингизда қора пластинкалар, патефонлар, радиолар жонланади. Сиз буни хаёл қилишга улгурмайсиз, ана сиз болаликда кўрганингиз пластинкалар, ана патефон, ана ўша қулоғи бураладиган радио... хаёлингиз дарров воқеликка айланади – ҳатто ушлаб кўришингиз мумкин.

Нафақат ушлаб кўриш ҳатто болалик таъмини ҳидлашингиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми, баъзи ўша пайтдаги атирлар ва емаклар орқали.

Бу бозорда сиз эскирган деб менсимайдиган ва ишдан чиққан нарсалар ҳали ҳам қадрланади. Сабаби бу нарсалар тарих, болалик хотиралари билан боғлиқ. Беихтиёр «ана бизнинг болалигимиздаги чойнак, бувимни эслатиб юборди», «менинг мана бундай қўғирчоғим бўларди», «болаларим кичкиналигида шунақа айиқча олиб бергандим», деб бир пасда хотиралар оғушига чўмасиз.

Антиқа буюмлар орасида жуда қиммат турадиган экспонатлар мавжуд. Тангаларнинг энг қадимийи ҳам шу ерда.

Бу антиқа буюмларнинг эса ўз харидорлари – коллекционерлар (албатта хабари борлари) бутун дунёдан келишади. Ҳатто арзонга картинкалар олсангиз бўлади.

«Янгиобод» буюм бозори ҳар қандай дидга мос келадиган турли хил буюмлар ва антиқа буюмларнинг ҳақиқий хазинасидир. Тошкентда бўлганингизда, албатта, ушбу бозорга боринг, бу ерда сиз хоҳлаган нарсани топишингиз мумкин ва шу билан бирга турли қаторларни сайр қилиб, шаҳарнинг ҳақиқий ҳаётини ҳис этасиз, – дейди ўз мақоласида россиялик В.Пукин. – Баъзи антиқа буюмларни Ўзбекистондан олиб чиқиш қийин, баъзилари эса мутлақо мумкин эмас. Кичик нарсаларни ўзингиз олиб кетиш ҳақида ўйламанг, чунки бу хавфли.»

Мана бу антиқа экспонатни сотувчи асл, тоза буюм деб мақтади...

Дарвоқе, бу бозорда яна бир ёрлиқ бор – «советский». Сабаби ўз вақтида собиқ СССР даврида ишлаб чиқарилган ҳар қандай маҳсулотлар ўта мустаҳкам ва пишиқ бўлган. Балки бундай ёрлиқнинг ҳалиям қадрланишига ўша вақтлари четдан бошқа маҳсулотлар кириб келмагани, танқислик сабаб бўлгандир. Яъни бу пишиқ-пухта «советский»  маҳсулотларнинг ўрнини босадиган бошқа буюмлар ўша пайти йўқлиги учундир. Ҳар ҳолда эски буюм «советский» – у соат бўладими, фотоаппаратми, мантиқасқон ёки қозонми, ҳатто тугманинг ҳам бу ерда ўз баҳоси ва харидори бор.

«Қандай қилиб эски буюм бозорларига боришни бошладим, – деб ёзади «Тинкофф» журналидаги мақоласида Роман исмли яна бир блогер. – Менимча, ахлатга фақат яроқсиз ва озиқ-овқат чиқиндилари ташланиши керак. Қолган ҳамма нарса иккинчи ҳаёт ҳуқуқига эга: уни қайта ишлаш, кимгадир текинга бериш ёки сотиш мумкин. Худди шундай имконият эски нарсалар сотиладиган бозорларда бор. 2022 йил бошида қишлоқ уйимдаги каминни ёқиш учун эски, яроқсиз китоблар керак эди ва буюм бозорига бордим. У ерда жуда кўп қизиқарли нарсаларни кашф қилдим ва энди ҳафтада камида бир марта шу бозорга боришга ҳаракат қиламан.

Воронеждаги бозор. Фото: Тинкофф журнали

Воронежда миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилса-да бу ерда эски нарсалар бозори маданияти жуда кам ривожланган – Москва ва Санкт-Петербург билан солиштирганда. Маҳаллий буюм бозорларида харидор ва сотувчилар кам. Учта буюм бозорларидан иккитаси одамлар омборхоналардан фойдаланилган буюмлар ва кераксиз нарсаларни сотадиган кичик жойлардир. У ерда қизиқарли нарсаларни топиш қийин.

Яна бир гап бу ер мулоқот майдони, сотувчилар – механика ёки тарих соҳасидаги мутахассисга ўхшайди. Мен бундай сотувчилар билан мулоқот қилишни яхши кўраман. Баъзан оддий суҳбат буюм тарихи ҳақидаги маърузага айланади.

Одатда  бобо ва бувилар  ўз нарсаларини сотишади – кийим, пойабзал ва эски ўйинчоқлар. Ҳар сафар мен улардан бирон-бир кичик нарса сотиб олишга ҳаракат қиламан. Мен учун бундай бозор шунчаки вақтни ўтказиш бўлиши мумкин, лекин улар учун бу яшаш йўлидир.

Бу бозордаги коллекционерлар буюмнинг ҳақиқий таннархини яхши билишади ва энг юқори даражада сотишади. Дарҳақиқат, яна улар ҳамфикрлар билан мулоқот қилиш ва ўз коллекцияларини кўрсатиш учун чиқишади. Улар сизга самимий суҳбат ва экспонатларни батафсил муҳокама қилиш учун яхши чегирма бериши мумкин», – деб фикрини давом эттиради саёҳатчи блогер.

Бозорга ичкарилаган сарингиз хилма-хиллик сизни ўзига жалб этаверади. Фақатгина машинада ҳар замонда эшитадиган канал – «Ностальгия»даги қўшиқларни бу ерда ҳар шанба, якшанба эшитиш оддий ҳол. Қатор оралаб ўтиб кетаркансиз, Модерн Токиннинг хониши қулоғингизга чалинади: «You re My Heart,  You re My Soyl...» сал нарироқда эса Юра Шатуновнинг қўшиғи: «Детство, детство ты куда бежишь...» Демак, айни пайтда сиз эски кассеталар, эски пластинкалар, эски магнитофону, эски радиолар сотиладиган қатордасиз...

 

Ҳеч қайси кутубхонадан тополмаган китобни балки шу бозордан қидириб кўрарсиз?

Айни кунларда ҳамюртимиз ҳунарманд Моҳира Султонова Лондонда. Мақола тайёрлаш асносида мен Моҳирани суҳбатга «тортаман».

«Лондонда бундай бозордан олтита бор экан. Жума, шанба кунлари ишлайди. Мен борган бозор «Портобелло роуд», деб аталади. Уларнинг сотувчилари ҳам буюмларни худди биздагидек кўчада ерга қўйиб сотаркан. Ҳайрон қолганим «Янгиобод» билан солиштирганда бу ерда ёшлар кўп. Ҳаммаси қизиқиб томоша қилиб юрибди. Халқи антиквар нарсаларни яхши кўради, шекилли. Кийимидан тортиб сумкасигача антиквар, яъни антиқа. Ҳаттоки телевидениеда махсус кўрсатувлари бор. Нарсаларини 20 фунтдан 80 фунтгача аукционга қўйишган. Яна битта каналида ҳунармандлар танлови бўларкан. Бозордаги нарсаларнинг орасида муаллифлик ишлари кўп, қўлда ясалган буюмлар қадрли. Кўп пластинкалар сотиларкан, пластинкалар 30-40 фунт туради. Овқатлари бор, ветнамча, туркча, инглизча – уям бир қизиқ бўлим. Қиммат янги кийим дўконлари бор. Эски замоннинг фраклари, эски тикув машиналари, машҳур дизайнерлар тиккан кийимлар қимматроқ. Ўзимизнинг сўзаналарни кўрдим, эски адрасимиздан мебелларни ясатишган. Тангалар бўлими бор. Тақинчоқлар, маржон, дурлар, янтар тошлар сотадиган афғонистонлик сотувчи: биз қўшни эканмиз, деб тақинчоқларнинг нархини тушиб берди.

Лондондаги бозор. Фото: Моҳира Султонова

Шеригим лаганча олди, қадимги Лондоннинг сурати чизилган. Китоблар орасида «Минг бир кеча»ни кўрдим инглиз тилида ёзилган, катта китоб, бир айланиб келсам сотилиб кетганми, қайтиб кўрмадим...

Лондон.

Эски буюмлар бозорини жонли музей десангиз бўлади, ёшликдаги ҳаётингизни эслатади, қўшниларингизда, қариндошларингизда бўлган буюмларни хотирлайсиз. Бундай жойларга тез-тез ёшларни олиб бориш керак. Ҳамма одамлар ҳам зўр яшамаётганини кўрсатиш учун олиб бориш ва кичкинагина нарсани сотиб олиш билан уларни қўллаб-қувватлаш мумкин.»

Юқорида бундай бозорлар мулоқот майдони ҳам дедик. Эътибор берсангиз бозорда асосан катта ёшли одамларни кўришингиз мумкин. Уларнинг кўпчилиги бозорга шунчаки чиқади, яна бирлари вақт ўтказиш учун, яна бирлари мулоқот қилиш ва буюмларининг тарихини айтиб бериш учун келади. Баъзи бир хил инсонлар эса шахмат ўйнаб вақтини ўтказади. Яъни, бу бозор том маънода фақат эски-туски буюмлар сотиладиган бозор эмас, балки жонли музей, мулоқот майдони, ўтмишни янгилаб турадиган ўзига хос маскан ҳамдир.

                                                                                                                      Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг