Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги Тошкентда «тарихий ҳодиса»га старт берилди

Янги Тошкентда «тарихий ҳодиса»га старт берилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Бундан бир йил аввал, 18 март куни Янги Тошкент шаҳрининг қурилишига тамал тоши қўйилган эди.

Бунёдкорлик ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш ва дирекция тузилиб, лойиҳалаштириш олиб борилди.

2024 йил 3 апрель куни, муқаддас Рамазон ойида бу ерда илк иншоотлар қурилишини бошлаш маросими бўлди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бу тарихий воқеа эканини таъкидлади.

«Бугун «Янги Ўзбекистон» университети ва Тошкент давлат педагогика университетининг кампуслари, Миллий кутубхона, Миллий театр, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи, ижод мактаби ҳамда Миллий мақом марказига тамал тоши қўямиз. Янги шаҳар қурилиши илм-фан, маънавият масканларидан бошланаётгани бежиз эмас. Булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади», — деди давлат раҳбари.

Маърифатли жамиятнинг асосий пойдевори мактаб бўлса, муаллим унинг устунидир. Шу боис бу ерда биринчилар қаторида Тошкент давлат педагогика университетининг янги кампуси барпо этилади. У 20 минг талабага мўлжалланган ўқув бинолари, 5 минг ўринли ётоқхона, 300 ўринли боғча, 616 ўринли мактаб, 588 ўринли академик лицей, замонавий спорт комплекси, маданият саройи, амфитеатр ва бошқа объектларни ўз ичига олади. Юқори рейтингли хорижий олийгоҳлар тажрибаси асосида «боғча – мактаб – университет» яхлитлигидаги инновацион педагогик кластер ташкил этилади.

«Янги Ўзбекистон» университети юртимиздаги энг нуфузли олийгоҳ бўлиб, унда муҳандислик, бошқарув, ахборот технологиялари, агротехнологиялар, гуманитар ва табиий фанлар бўйича мутахассислар тайёрланади.

Шаҳарда мазкур университет учун ҳам замонавий кампус қурилади. Хусусан, бу ерда 10 минг талабага мўлжалланган ўқув бинолари, 1 минг 150 ўринли ошхона, кутубхона ва ихчам музей, спорт мажмуаси, олимпия сузиш ҳавзаси барпо этилади. Шунингдек, талабалар учун 2 минг ўринли ётоқхона, профессор-ўқитувчиларга 286 ўринли турар жой қуриб берилади.

Навбатдаги лойиҳа — Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун янги мажмуа. Бу ерда кутубхона фондида сақланаётган 10 миллиондан ортиқ адабиётларни муносиб сақлаш ва бир пайтнинг ўзида 1 минг 420 нафар китобхонга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилади. Унинг мумий майдони 30 минг метр квадратни ташкил қилади.

Театр санъати халқ маънавияти, ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Янги Тошкентда халқаро талаблар асосида Миллий театрнинг муҳташам биноси барпо этилади. Унда санъаткорлар учун ҳам, томошабинлар учун ҳам ҳар жиҳатдан қулай шароитлар яратилади. Келгусида у юртимиздаги барча театрлар учун ўзига хос ижодий лаборатория вазифасини бажаради.

Шаҳарда Алишер Навоий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази, ижод мактаби, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини жамлаган ўзига хос маънавият мажмуаси ҳам қад ростлайди.

Давлатимиз раҳбари бу мажмуаларнинг имкониятлари ва аҳамиятига тўхталиб ўтди.

«Бугун пойдевори қўйилаётган масканлар кўп йиллар халқимиз маънавиятини бойитиш, ёшларимизни ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилади. Янги Тошкент шаҳрининг нафақат юртимиз, балки минтақамизда ҳам чинакам илм-маърифат ва маданият марказига айланишига катта ҳисса қўшади, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз рамзий тугмани босиб, бинолар қурилишини бошлаб берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг