Уй шароитида тайёрланган қўлбола консервалар ўта хавфли — шифокор
Сўнгги ойларда юртимиз аҳолиси орасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.
Хўш, ушбу хасталик нимаси билан хавфли? Унинг олдини олиш учун қандай қоидаларга амал қилиш лозим?
Мазкур саволларга Санитария-эпидемиология қўмитаси бошқарма бошлиғи Анвар Шукуров жавоб берди.
— Аксарият хонадон бекалари ёз ва куз фаслларида мева-сабзавотлардан консервалар тайёрлаб, қишга ғамлаб қўяди, — дейди мутахассис. — Бироқ уй шароитида етарли босимда термик ишлов бериш имконияти мавжуд эмаслиги натижасида ботулизм қўзғатувчи споралар сақланиб қолади ва улар анаэроб, яъни кислородсиз муҳитда ривожланиб, ўта кучли — ботулинотоксин заҳрини ҳосил қилади.
Ботулизм қўзғатувчилари ташқи муҳитга ўта чидамли бўлиб, 100°С даражада 6 соат, 120°С да эса 10 дақиқагача тирик бўлади.
Ўзида бундай зарарли моддани сақловчи консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида турли салбий оқибатлар, ҳаттоки ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаганда ўлимга олиб келувчи энг оғир турдаги заҳарланиш — ботулизм касаллиги келиб чиқади.
Хасталикнинг яширин даври 2-4 соатдан 14 кунгача давом этиши мумкин. Ботулизм микробининг токсини асосан марказий асаб тизимига таъсир этади ва организмда турли ўзгаришларга олиб келади.
Бу ҳолатда кўпинча нафас олиш қийинлашиши, оғиз-томоқнинг қуриши, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқлари осилиб қолиши (птоз), ютиниш қийинлашиши ҳамда умумий ҳолсизланиш, кўнгил айниши ва қусиш (кўпинча такрорланади), қорин соҳасидаги оғриқ каби белгилар намоён бўлади.
Беморнинг сўзлари тушунарсиз бўлиб қолади, бўйин ва оёқ мушакларининг заифлашиши натижасида юришга қийналади.
Агар бу ҳолатда хаста инсонга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса ва зарур даво муолажалари ўтказилмаса, унинг нафақат соғлиғи, балки ҳаёти ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Шу сабабли ботулизмнинг олдини олишда қуйидагиларга амал қилиш лозим:
- уй шароитида консерваларни тайёрламаслик;
- бозор ва аҳоли гавжум жойларда фуқаролар томонидан сотилаётган, номаълум шароитда тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерваларни харид қилмаслик;
- банка қопқоғи кўтарилган (бомбаж), шунингдек рангида ўзгариш бўлган консерваларни истеъмол қилмаслик;
- озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитларига эътибор бериш, савдо дўконларидан консерваларни харид қилишда унинг муддати, идишларнинг бутунлиги, қопқоқлари шишмаганлиги ва хавфсизлигини кафолатловчи хужжатларига эътибор бериш;
- таом тайёрлашда тозаликка ва шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter