Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ун қандай ишлаб чиқарилади? Ун эркин бозор нархига ўтиши ортидан ўтказилаётган пресс-турнинг учинчи куни (фото)

Ун қандай ишлаб чиқарилади? Ун эркин бозор нархига ўтиши ортидан ўтказилаётган пресс-турнинг учинчи куни (фото)

Фото: Xabar.uz

Тошкентдаги ОАВ вакиллари «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тасарруфидаги «Тошкентдон» ун ишлаб чиқариш корхонасида бўлишди.

Корхонада 450 нафар ишчи-ходим ишлайди. Бу ерда бир кеча-кундузда 500 тонна атрофида ун ва омухта ем ишлаб чиқарилади.

Акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи Ғофуржон Қаршибоевнинг айтишича, компания тизимида худди шундай 43 та корхона бор

Журналистлар «Тошкентдон» ун ва омухта ем ишлаб чиқариш корхонасидаги ҳар бир жараённи синчиклаб кузатдилар. Иш электрон бошқарув асосида ташкил этилган. Яъни барча цехлардаги иш компьютерларда тақсимланади, кузатилади, йўналтирилади.

«Сўнгги 5 йилда 43 та дон корхонасидан 39 таси Германия, Туркия, Россия, Украина ва Хитойнинг энергиятежамкор, электор бошқарувли илғор технологиялари билан жиҳозланди. Бу жами қиймати 58,3 млн долларлик 61 та инвестицион лойиҳадир», — деди Ғофуржон Қаршибоев.

Пресс-тур иштирокчиларига аввало хом ашё захираси кўрсатилди. Айтишларича, омборхонада сақланаётган буғдой сентябрь ойигача тўла қувват билан ишлашга етади. Ишлаб чиқариш амалиёти раҳбари Зиёвуддин Муқимов «Захира ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Мана ҳозир янги ҳосил йиғиб олиняпти. Компания корхоналарида эса ҳатто сентябрда ҳам ун етиштиришга етадиган захира мавжуд. Рақам билан айтганда, бир ярим баравар захирамиз бор», — деди.

Ғофуржон Қаршибоев айни вақтда эркин савдо орқали ун сотиб олаётган комбинатларда ҳам захира етарли эканлиги нишонаси ҳақида гапиради. «Биржага 55 минг тонна ун чиқардик, 53,5 минг тоннаси сотилди. Шундан, яъни харид қилинган уннинг 14 минг тоннаси ҳали олиб чиқиб кетилмади. Чунки, нон тайёрловчи комбинатларда ҳам захира бор».

Журналистлар буғдойни тозалаш жараёнидан уни қандай қилиб унга айлантирилишигача бўлган жараённи кузатдилар. «Ўздонмаҳсулот» АК, шунингдек, унинг ушбу корхонаси вакилларига саволлар билан мурожаат қилдилар.

Уннинг биржа орқали эркин савдога чиқарилиши шу вақтгача ўз қадрини топмаган фермер-деҳқоннинг меҳнати, харажатлари тўла қопланиши йўлидаги дадил қадам, деб айтилди. Бу келгусида Ўзбекистонда етиштириладиган буғдойнинг ошишига замин тайёрлаши таъкидланди.

Иқтисодчилар 1 июндан бошлаб, шу вақтгача 1600 сўмдан сотилган қолипли нон 2800 сўмда нархланганини уннинг эркин бозор нархида мувофиқлаштирилиши, деб изоҳлайдилар. Бунга қадар бўлган нарх маҳсулотнинг ўз таннархини қопламайдиган даражада экани таъкидланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг