Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ССВ: «2017-2019 йиллар давомида тез ёрдам шифокорларига 266 марта тажовуз қилинган»

ССВ: «2017-2019 йиллар давомида тез ёрдам шифокорларига 266 марта тажовуз қилинган»

Фото: «ehonews.kz»

Кейинги пайтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз ва таҳдид қилиниши билан боғлиқ хабарлар кўпайиб бормоқда.

Афсуски, бугунги кунгача шифокорларга қилинаётган бундай қонунбузарликларга етарли даражада ҳуқуқий чора кўрилмай келинмоқда. Кўп ҳолатларда томонлар кечирим сўраш билан яраштирилган. Баъзи ҳолатларда умуман ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмаган. Масалан, 2017 – 2019 йилларда биргина шошилинч ва тез ёрдам тизими шифокорларига беморларнинг яқинлари ва қариндошлари томонидан 266 марта зўравонлик қилиш, уларга тан жароҳати етказиш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилган. Бундан 340 нафардан кўпроқ тиббиёт ходимлари жабр кўрган. Ушбу вазиятда бор йўғи 40 ҳолатда жазо чораси қўлланилган. 109 ҳолатда яраштирув билан иш тугалланган, 128 ҳолатда шифокорларга таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний жазо кўриш масаласи ҳал этилмаган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби хабар бермоқда.

«Таҳлиллар шуни кўрсатадики, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади. Ҳолбуки, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан шундай ҳолат рўй берса, айбдор қонун олдида қатъий жавоб беради. Ижтимоий тармоқларда хабар қилинишича, яқинда Бухорода йўл патрул хизмати инспекторининг кўкрак нишони, радиоалоқа воситаси ва жезл таёғини тортиб олган фуқаро 10 ойга қамалди. Бундан бир муддат олдин Навоийда тез тиббий ёрдам шифокорини ҳақоратлаб, таҳқирлаган ҳолатга бевосита вазирлигимизнинг мурожаатидан сўнг ҳам айбдор шахс эса 15 сутка қамоқ ва озгина жарима билан қутулиб кетганлигини қандай баҳолаш мумкин?

Шундан келиб чиқиб, юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди. Айни пайтда соҳа мутахассислари ва экспертлари томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Бу ҳозирда қарийб ҳар куни содир бўладиган ҳодисага айланиб улгурган тажовузларнинг олдини олишда катта профилактик таъсир кучга эга бўлишидан умидвормиз.

Фуқароларимиз ҳам зиммаларига залворли масъулият юкини олиб, инсонлар саломатлиги йўлида куну тун хизмат қилаётган шифокорлар меҳнатини қадрлашни ўзларининг виждоний бурчлари деб билишлари ва бу борада қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишга ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз»,-дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг