Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тарихда ҳатто 30 февраль ҳам бўлганини биласизми?

Тарихда ҳатто 30 февраль ҳам бўлганини биласизми?

Фото: Creative Commons

Кабиса йили ҳар тўрт йилда бир марта келади. Бу йил кабиса йили, яъни қуёш тақвими бӯйича қўшимча 29 февраль кунини ўз ичига олган йилдир.

Хўш, нима учун февраль ойи шундай? Бу қандай ҳисоб-китоб қилинган? Биз Ернинг Қуёш атрофида айланишини 365 кунга тенг, деб биламиз, аслида у 365 кундан 6 соатга кўпроқ, 366 кундан эса 18 соатга камроқдир. Соат, дақиқа ва сонияларигача ҳисоблайдиган бўлсак, Ер Қуёш атрофини 365 кун, 5 соат 48 дақиқа ва 46 сонияда тўлиқ айланиб чиқиб бўлади. Шу сабабли ҳар тўрт йилда олти соатни тўлдириш, қоплаш учун февраль ойи 29 кун, бир йил эса 366 кун деб белгиланган.«Кабиса» сўзи арабча «кабаса» – яъни «чуқурни тўлдириш» феълидан олинган бўлиб, истилоҳда «тўлдирувчи» деган маънони англатади.  

Аслида, февралга тўрт йилда бир марта бир кун қўшиш фикрига бирданига келинмаган, бари инсониятнинг узоқ йиллик тажрибаси ва йўқотишлари эвазига келинган хулосалар шарофатидир. Бундан 2065 йил олдин Юлий Цезарь топшириғига биноан ишлаб чиқилган календарда кабиса йил тушунчаси ўрин олди, чунки унгача олиб борилаётган йил ҳисобида йил кунлари ва фасллари ўрни сурилиб бораверган. Демак, Юлиан календарининг ёшини ҳисобга олсак, «кабиса йили» тушунчасининг ҳам «ёши» 2069 га тенг.

Григориан тақвимига кўра, февраль ойида 28 кун бор (кабиса йилида истисно тарзда 29 кун). Шунга қарамай, бу бутун тарихда 30 февраль бўлмаган дегани эмас.


фото: вкипедия

1699 йилда Швеция қироллигида (у вақт мамлакат Финляндияни ҳам ўз ичига олган) Юлиан тақвимидан григорианга ўтишга қарор қилишди. Бироқ шведлар тақвимни ўша пайтда йиғилиб қолган 11 кун олдинга суриб ўтиришмади, балки ўтишни босқичма-босқич, кабиса йилларини қўшмаган ҳолда, 40 йил давомида амалга оширишга қарор қилишди. Яъни мана шу ўтган йиллар давомида 28 февралдан кейин 1 март келиши ва ҳар 4 йилда улар григориан тақвими томон бир йилга яқинлашишлари керак эди. 1700 йил Швецияда кабиса йили эмас эди. Бироқ, қабул қилинган режага қарамай, 1704 ва 1708 йиллар кабиса йилига тўғри келди. Шу боисдан ҳам швед тақвими 11 йил давомида юлиан тақвимидан бир кун илгарида, аммо григориан тақвимидан 10 кун ортда борди. 1711 йили қирол Карл ХII тақвим ислоҳотидан воз кечиб, яна юлиан тақвимига қайтишга фармон берди.Бунинг учун 1712 йили февралга икки кун қўшилди ва шу тариқа 1712 йили Швейцияда 30 февраль ҳам бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг