Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ССВ охири «таслим бўлди». Таниқли онколог ишга тикланди

ССВ охири «таслим бўлди». Таниқли онколог ишга тикланди

Таниқли онколог шифокор, профессор Ғолиб Ҳакимов Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали бош шифокори лавозимига тикланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.

Ғолиб Ҳакимовнинг даъвосини дастлаб фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди ишни кўриб чиққан. Суднинг ҳал қилув қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига Ғолиб Ҳакимовни ўз лавозимига қайтариш мажбурияти юклатилган.

Вазирлик таслим бўлишни истамайди. Аммо ССВнинг апелляция шикоятини Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати, кассация шикоятини Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати қаноатлантирилмасдан қолдиради ва биринчи инстанция суди қарорини ўз кучида қолдирган.

Суд ишга якуний нуқтани қўйганига қарамай, яна бир йил давомида вазирлик онкологни ўз ишига тикламай келган.

Ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида давлат ижрочиси ҳамда Бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир неча маротаба мурожаат қилиниб, расмий огоҳлантириш хатлари юборилишига қарамасдан, Ғ.Ҳакимовни ишга тиклаш чоралари кўрилмаган.

Ниҳоят, қайта-қайта уринишлардан сўнг, жорий йилнинг 11 октябрида Ғ.Ҳакимов ўз ишга тикланиб, ижро ҳужжати 13 октябр куни тамомланган.

Можаро тарихи

Ғолиб Ҳакимов раҳбарлик қилаётган шифохонада бўлим бошлиғи бўлиб ишловчи Алишер Мингбоевнинг ижтимоий тармоқларга қилган чиқиши ортидан Чилонзор тумани прокуратураси 2021 йил 12 феврал куни Тошкент шаҳар онкология маркази мансабдорларига жиноий иш қўзғатганди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 2021 йил 22 феврал куни филиал бош шифокори Ғолиб Ҳакимовга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» банди билан айблов эълон қилинган ҳамда суднинг ажрими билан у лавозимидан четлаштирилган.

Жиноят иши 2022 йил 1 феврал куни ҳаракатдан тугатилиб, профессорга қўйилган айблов ва эҳтиёт чоралари бекор қилинган.

Ғолиб Ҳакимовга қўлланган эҳтиёт чоралари, жумладан жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг ажримига асосан лавозимидан четлаштирилиши бекор қилингач, у ўз ишига қайтиши керак эди. Аммо профессор кўплаб тўсиқларга учрайди. Профессорни ишга тиклаш ҳақидаги буйруқ вазирнинг иш столида имзо кутиб қолиб кетаверади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг