Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Боласи ногиронлигида ота-она айбдор бўлганда – таниқли педиатр Маматқул Азизов билан эксклюзив интервью

Боласи ногиронлигида ота-она айбдор бўлганда  – таниқли педиатр Маматқул Азизов билан эксклюзив интервью

Фото: Xabar.uz

Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ер юзидаги болалар (18 ёшгача бўлган инсонлар)нинг 10 фоизи ногирон. Самарқанд вилояти бўйича бу кўрсаткич пасайиб бормоқда ва бугунда 18 ёшгача болалар ўртасидаги ногиронлик 1 фоизни ташкил этади. 1 фоиз дегани – 1 млн 470 минг бола. Европа қисми, АҚШ ва қатор ривожланган давлатларда ногиронлар кўпроқ яшаши ва уларнинг узоқроқ яшаши учун инфраструктура, моддий ва маънавий қувватлаш азалдан мавжудлигини ҳам унутмайлик.  Лекин, бугун болаларнинг ногирон бўлишига ота-оналар, ўзлари истамаган ҳолда сабабчи бўлган ҳоллар ҳам кам эмас экан. Суҳбатдошимиз тиббиёт фанлари доктори, Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов.

Ҳар тўрт ногирон боланинг бири қариндошлик никоҳидан туғилган

–Болалар ногиронлигини камайтириш йўлида қилинган энг катта иш бу скрининг марказларини ташкил қилиниши бўлди. Бундай марказларда барча ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг илк кунларидан бошлаб икки-уч марта ҳомилани скрининг қилиб, агар шу ҳомила келажакда ногирон бўлиши эҳтимоли бор бўлса, ҳомиладорлик тўхтатилади. Маълум қисм ногиронликни шу усулда тўхтатган жойларимиз жуда кўп. Лекин бизда бошқа омиллар ҳам бор.

Энг биринчи ўринда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ. БИЗДА ҲАР ТЎРТ НАФАР НОГИРОН БОЛАНИНГ БИТТАСИ ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДАГИ НИКОҲДАН ТУҒИЛГАН. Бу кўрсаткич бундан ҳам кўп эди. 15-20 йил аввал шунақа қишлоқлар бор эдики, уларда бирор бошқа бир қишлоққа на қиз берарди, на оларди. Ҳозирда бу жойларда вазият бироз ўзгарган. Лекин ҳамон яқин қариндош никоҳлари кузатиляпти. Самарқанд туманида бор, Ургут туманида жуда кўп. Ҳозир ҳам яқин қариндошлар ўртасидаги оилалар тузилиши натижасида ирсий, генетик хусусиятга эга касалликлар пайдо бўлаяпти.

–Қатор давлатларда яқин қариндошларгина эмас, 4, 5-даражада қариндошликдан кейингина ЗАГСдан ўтказишга рухсат берилади...

–  Ҳозир шуни айтмоқчи эдим. Депутатларимиз бу масалани олиб чиқишга тайёргарлик кўраяпти. Кейин қонун доирасига киритиб яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни таъқиқлаш бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши ва амалга татбиқ этилиши кутилаяпти.

–  Қонун ишласа-ку яхши...

–  Қўшни Тожикистонда 2016 йилда шундай қарор қабул қилинди. Яқин қариндошлар ўртасида никоҳ расман таъқиқланган. Лекин қонуннинг ишлаши қай даражада бўляпти бу иккинчи масала. Шунинг учун қонун ҳам керак, тарғибот ҳам кучли бўлиши зарур. Ҳозир бизда янги оила қурадиган ёшлар ЗАГСга бир ой олдин ариза беради ва шу бир ой давомида тиббий кўрикдан ўтади. Кўп тармоқли поликлиникалар қошида шундай комиссиялар ташкил қилинган, шу ерда чуқур тиббий кўрикдан ўтади. Қон таҳлиллари ўрганилиб, уларнинг яқин қариндошми-йўқми аниқланиб, ўша ерда ҳам бу гаплар айтиляпти...

–  Баъзан эшитиб қоламиз, дейлик, икки холаваччанинг қонини текширтириб, уларнинг никоҳларидан болалар ногирон туғилмас экан деган ишонч билан тўйни бошлаб юборишади. Бундай текширишлар қанчалик асосли?

–  Никоҳланувчилар ўтадиган кўрикда бу даражада чуқур текширишлар йўқ. Бу ерда асосан уларнинг соғлиғига баҳо берилади, қиз боланинг ҳомиладорликка тайёрми-йўқми, йигитдан соғлом фарзанд пайдо бўладими, деган саволга жавоб изланади. Кўриклар келажакда ногирон фарзанд туғилмаслиги баробарида оила мустаҳкам бўлишига йўналтирилган.

–  Бизда қиз боланинг касаллигини жуда эрта ёшданоқ яширишади, бу тўсиқ вақтида даволанишга йўл бермаган ҳоллар ҳақида эшитамиз.

–  Шу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида 15 йил муқаддам бу ерда қизлар гинекология бўлими ташкил қилинган. Чунки, бизда қиз болани гинекологга кўрсатиш учун роддомга олиб борилмайди. “У роддомда бўлган” деган гап билан иснодга қолиши ҳеч гап эмас. Болалар шифохонасида эса қизлар бемалол даволанади. Фақат шу бўлимдагина ёш чекловига амал қилинмайди – турмушга чиқмаган қиз, у 20 ёшда бўладими, 25 дами қабул қилаверамиз. Зеро, улар ҳам даволаниш баробарида гап-сўздан сақланиши, турмушга чиқиши керак. Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб қиз болалар гинекологияси бўлими фаолият юритади.

Ногиронлиги экранда кўринган эди...

–  Бевосита мавзуга қайтсак. Ота-оналар ўзлари билмаган ҳолда фарзанди ногирон бўлишига сабаб бўладиган кейинги, яқин қариндошлик никоҳларидан сўнгги омил қандай?

  Юқорида айтдик, скрининг марказлар ҳозир жуда яхши ишлаяпти. Бир неча ногиронлик турлари ҳомила ҳали жуда кичик бўлганида аниқ-тиниқ кўринади. Лекин баъзи бир ҳолатларда, НОГИРОН БОЛА ТУҒИЛИШИНИ БИЛА ТУРИБ, УНИНГ ДУНЁГА КЕЛИШИГА ЙЎЛ БЕРИЛАЯПТИ. Гидроцефалия деган касаллик бор, содда қилиб айтганда бошда сув тўпланади. Уни радикал давоси йўқ. 10 йиллар аввал  бизда бир йилда 30-40 та шундай касал бўларди. Ҳозирда бир йилда 6-10 та учраяпти. Уни қандай даволаймиз? Бош мияга, тери остига шунт қўямиз. Унинг ёрдамида миядаги сувни қоринга чиқариб қўямиз. Қоринда у сўрилади. Натижада мия энди каттармайди, аммо бу вақтгача қанчалик катталашган бўлса, шу шаклда қолади. Кейин у шунт ёпилади, синади, муаммоси жуда катта. Хуллас, бола ҳеч қачон соғлом бўлмайди. У ногирон бола. Ногиронлик скринингда кўринади. Бундай пайтда ўша заҳоти ҳомиладорликни тўхтатиш керак. Скрининг марказида врачлар ота-онага тушунтириб беради. Бизда қайнона механизми бор-ку, Худо бердими туғсин дейди. Ёки орқа мияси чурраси деймиз. Орқа мия чуррасини қаерда операция қилдирманг, бола ногирон бўлади.

–  Бу ҳам скринингда кўринадими?

  Биринчи скринингдаёқ кўринади. Бундан беш йиллар муқаддам бир бадавлат оила вакили келди. Боласида айнан шу касаллик. Скрининг марказида уларга айтилган экан. “Биз рози бўлмадик” деди. Ногирон бола ота-онанинг айби билан туғилди. Энди она бутун умр ногирон болани боқади бола ҳеч қачон юрмайди, сийдигини, ахлатини тутолмайди. Ўша оила кейин фарзандини Германияга, Мюхенга олиб борди. Ўша ерда операция қилдириб келди барибир ўша асоратлар. Бундай касалликлар камайиб бормоқда, аммо ҳамон учраётгани ачинарли. Қайноталар бу жараёнда унчалик роль ўйнамайди, лекин шундай қайноналар бор эканки, улар билан гаплашиш жуда қийин, гапини ўтқазган, келин туғади деб, охири ногирон болани туғдиради.

–  Скринингда кўринмайдиган ногиронликлар ҳақида ҳам айтсангиз.

  Олигофрения, шизофрения, талассемия, аутизм каби қатор касалликлар скринингда кўринмайди ва кўп ҳолатда айнан шу ногиронлик қариндошлар никоҳи фарзандларида кузатилади.

“Ўзи туғади дедикми, ўзи туғади...”

Учинчи, энг катта группа туғиш жараёнидаги асоратлардан пайдо бўладиган ногиронлик. Бизда туғишнинг стандартлари аниқ-таниқ қилиб белгилаб қўйилган. Физиологик туғруқларда онасининг ҳам боланинг ҳам ҳеч қандай касаллиги бўлмайди. Қўпол қилиб айтганда, бундай бўлажак она ҳатто уйда туғса ҳам ҳеч қандай хавф кутилмайди. Бу тоифадаги аёллар бирламчи бўғин туман марказий шифохонаси туғруқхонасида туғса ҳам бўлади. Маълум туғилишлар борки, озроқ асорат бўлиши мумкин. Болада бўлиши мумкин бола каттароқ, онада бўлиши мумкин чаноғи кичикроқ. Туғиш жараёнида қийинчилик кутилаётган бундай ҳомиладорлар иккинчи босқич туғруқхоналари дейилади, шаҳардаги 1,2 ва 3-туғруқхоналар шу тоифага киради. Паталогияси бўлган ҳомиладорларга алоҳида эътибор зарур. Паталогияси бор дегани, дейлик, ҳомила ичидаги сув лойқа ёки онасида қанақадир, юрагида, буйрагида касаллик бор. Бундай ҳолатда туғруқ перинаталь марказда ўтиши керак. Бу ерда хаста онани даволаш учун ускуна ҳам, дори ҳам, мутахассис ҳам бор. Чақалоқ касал ёки чала туғилгандаям, уни  парваришлаш учун у ерда ҳамма нарса бор. Ота-она ёки уларнинг яқинлари эса туғруқхонани босқичига қараб эмас, уйларига яқин ва қулай жой деб танлашга ҳаракат қилган ҳоллар кузатилади.

–  Туғруқхонага тўғри жойлаштирилса-да, туғруқ усулини ўзларича танлаш ҳам нохуш оқибатларга келтириши сир эмас.

  Гинекологлар билан кўп мулоқотда бўламан. Боланинг боши қисилиб туғдирилган бўлади. “Нимага бундай қилдинглар?” десам, ОПЕРАЦИЯГА ОТА-ОНАСИ РОЗИ БЎЛМАДИ дейди. Мисол, бола 4-5 килолик, йирик. Аёлнинг биринчи туғиши. Чаноқ тор. Стандартлар бор. Доктор билганки, бу аёл туғолмайди. Унда кесерево жарроҳлик амалиёти усулида олиш керак. Операция учун эса эри, қайнонаси, қайнотаси рози бўлиши керак. Улар эса “кейин-чи” дейишади. Иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи бола қандай туғилишини ўйлашади ва “ўзи туғсин” дейишади. Сўнг келин бечора туғруқ жараёнига киради, бола ярим йўлда қисилади, қисилиб-қисилиб, шипцилар билан тортиб олинади. Кейин, кўрибсизки, бизга ўтади.

– Одатда бундай чақалоқлар қайси бўлимда даволанади?

Бизда чақалоқлар реанимацияси бор. Ҳозир ҳам 19 та бола ётибди. Бундай болани қанчадир вақт даволаймиз, кейин жавоб берамиз. Кейинчалик уларда болалар церебрал фалажлиги ривожланади. Миясидаги ўзгаришлар натижасида у бола ўзини ўзи уддалай олмайдиган ногирон бўлиб қолади.

Ҳаммаси жойида эди, аммо...

– Туғруқ ўтди. Она ҳам, бола ҳам соғлом. Ҳатто, бола 1 ёшга, 2, 3 ёшга тўлгандан сўнг ҳам айнан она (ота, буви, қўшни) айби билан ногиронликка йўл бошланиши ҳақида кўп эшитаяпмиз...  

Бола туғилди. Уйга бордими, биринчи 3 кунда поликиника ходими келиб кўриши керак. Биринчи ойда яна 4 марта, кейин ҳар 3 ойда бир марта, жами бир йил давомида 14 марта кўриши керак. Уйига бориб бўлсин, поликлиникага чақириб бўлсин, бу кўриклар тиббиёт муассасаси томонидан ташкил қилиниши керак. Лекин тиббий даргоҳлар ҳамма вақт ҳам бу стандартга амал қилмаяпти. Охирги мисол: 3-туғруқхонада эгизаклар туғилган. Биттаси 1 кило 650 грамм, иккинчиси 1 кило 900 грамм. Уни саккизинчи кунда туғруқхонадан жавоб бераяпти. Биринчидан болаларни бу вазн билан уйига жавоб беришининг ўзи нотўғри. Улар шифохонамизга жўнатилиб вазни кам ва чала туғилган чақалоқлар бўлимида вазни бироз кўтарилиши керак эди. Онасига болаларнинг қандай хусусиятлари борлиги ва қандай қараш кераклигини тушунтирилиши лозим эди. Амалда эса уйига боргач, 10 кун ичида қанақадир касал бўлишган, онанинг ўзига ҳам, болаларга ҳам қанақадир дорилар берилган. Болани иссиқ жойда сақла деб қайнона айтганми, қўшни айтганми, хонани 35 даражагача иситишган. Шунда болалар танасида сув миқдори камайиб кетиб қурий бошлаган. Натижада эмишдан қолган. Иситмаси тушиб кетаверган. Шундан кейингина бизга олиб келишди. Бу оила Тайлоқ туманидан. Ҳозир яхши, иситмаси меъёрга келди. Энди биз қандай йўл тутмоқчимиз. оилавий шифохона бош врачи билан гаплашдим. Яшаш ҳудудида патронаж бор, участка шифохонаси масъуллари билан биргаликда патронажни чақирдик. Улар эгизак чақалоқлар ҳақида ҳали билмас экан. Ваҳоланки, 3 кун ичида бориб кўриб, улардан хабардор бўлиб туриши керак бўлган. Биз эгизакларнинг вазнини ошириб берамиз. Лекин буёғи қўлма-қўл бўлиши, яъни жойдаги тиббиёт даргоҳи ходимлари парваришни давом эттиришлари керак бўлади. Онанинг ўзи ҳам озроқ қизиққанда, ҳаракат қилганда, патронаж 3 кунда келмадими, ўзи чақиртириши мумкин эди.

– Ота-оналарда (буви, боболар, хола, аммалар)да оддий тиббий билим десак хато бўлар, рисоладаги тиббий тушунчанинг камлиги, йўқлиги кўп кузатилаяпти...

 – Мисол учун дори-дармонларга муносабат. Жуда кўп оилаларда боласи касал бўлдими, қаёққа боради? Аптекага боради. Бу нотўғри ҳолат. Аптекачи шифокор эмас, яхши ҳолатда у фармацевт, ёмон ҳолатда маълумоти қандай экани номаълум савдо ходими. “Болам иситма қилди, менга дори беринг” дейди. У алламбало бир дорини беради. Она ёки ота (буви, хола, амма) болага пала-партиш тарзда ўша дорини беради.

– Ёш она иситма қилган боласига парацетамол таблеткасини беради. Тезроқ тузалсин деб бир пасдан кейин яна беради. Натижада, мана бир йилдан ортиқроқ вақтдан буён боланинг иситмаси вақт-вақти билан тушиб турадиган бўлган.

–  Парацетамол жуда кам ҳолатларда маълум ногиронликка олиб келиши мумкин. Доза оширилганда, у кўпинча гипотермия беради. Кетма-кет берилганда боланинг температураси 36 дан пастга тушиб кетади, 33, 34 бўлган ҳолатларда олиб келади. Кейин болани ётқизиб даволашга тўғри келади. Умуман, биз оналарга айтамизки, боланинг иситмаси 38 ми дори берманг. Тана ташқи муҳитга мослашаяпти, ташқи муҳитдаги янги инфекция билан танишаяпти. Ўзига иммунитет пайдо қилади. 38 дан ошиб кетса, 38 ярим, 39 бўлиб тутқаноқ даражасига борадиган бўлса, маълум ёрдам керакдир, у ҳам дори эмас, танасини спирт билан артиб механик усуллар билан иситмани тушуриш мумкин. Ўрни келганда айтишим керак, ПАРАЦЕТАМОЛНИНГ ОРТИҚЧА БЕРИЛИШИДАН ЗАҲАРЛАНГАН БОЛАКАЙ КУНИ КЕЧА ОЛАМДАН ЎТДИ. Тайлоқлик она боласи стоматитдан иситма чиқараётганини билмасдан тўрт кун давомида 15 та парцетамол шамини бола ичига қўйган. Камига шу тоифадаги сироп ҳам берган. Заҳарланиш ўн кун аввал бошлангани учун тиббиёт болага ҳеч қандай ёрдам бера олмади. 

– Доридан заҳарланишнинг бошқа усуллари ҳам учрайдими?

– Ҳар бир уйда дори бор. Болали уйда дори боланинг қўли етмайдиган жойда сақланиши керак. Улар бола-ку, тушунмайди, олиб оғзига солади. Бизда кўп оналаримиз бепарво. Болалар ўзлари дорини олиб кўплаб миқдорда ичган ҳолатлар учраяпти. Оқибатда, у комага тушиши мумкин, ногирон бўлиб қолиши, ҳатто, ўлиб қолиши мумкин.

– Бир неча йил аввалги воқеа: бироз йўталаётган ва ўйнаб юрган болага она таблетка ичирмоқчи бўлади ва дорини бармоғи билан итариб юборганда, у нафас йўлига тиқилиб қолиб бола нобуд бўлган...

– Ўйинчоқларнинг кичикроқ қисмлари, тугма, игна, ҳатто калит каби турли майда нарсаларни болалар ютиб юборганда бизга олиб келишади. Бир ойда бир марта-икки марта ўпкада бронхоскапия қилиб ўпкадан ҳар хил нарсалар олинади. Шунингдек, ошқозондан ҳам олинади. Боласи соғлом ўсиб бориши учун оналар ҳам ҳаракат қилиши керак.

– Ривожланган мамлакатларнинг фақат таблетка билан даволаш, инъекциядан кечиш услубини қўллай бошлаганига анча бўлди...

– Бугунда беморни даволашда кўп миқдорда дори ишлатмаймиз. Бир вақтлар оддий шамоллашда бола учун 10-13 хил дори ёзиларди, шулардан 2-3 таси инъекция бўларди. Дунё амалиётини қўллай бошлаганимиздан кейин дорилар миқдорини кескин камайтирдик, тузалиш кўпайди. Оналар орасида эски қарашларга биноан ҳамон осма укол қилинг дейдиганлари бор. Биз ўта жиддий вазият бўлмаганда осма уколни қўлламаймиз. Лекин чекка ҳудудларда ҳозирда ҳам енгил бир шамоллаш бўлса-да осма укол қилаверади. Шифохонада осма укол асоратлари билан касалланганлар ҳам бор. Аммо бундай ҳолатлар жуда кам.

Ҳозир қанча касалингиз бор. Ўзи неча ўринли шифохона бу?

– Шифохона 400 ўринли, бугунда 380 та бемор бор. Кеча жами 1167 та бемор мурожаат қилган, биз 141 тасини олиб қолганмиз. Қолганларига амбулатор даволаниш ёзиб, бирламчи бўлимларга юборилган.

Масаланинг ечимини нимада кўрасиз? Масалан, ҳамшира билмаса, тушунмаса, уни ўқиттирасиз, жазолайсиз. Лекин оналарни болалари ногирон бўлишига йўл қўймаслиги учун қандай тайёрлаш мумкин?

– Оналарни соғлом болани дунёга келтириш ва уни саломат улғайтиришга тайёрлаш жараёни кетаяпти. Она ҳомиладор бўлганида 12 ҳафталигидан рўйхатга олинади. Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш устувор бўлиб бораётганини рақамларда айтсам. Самарқанд вилоятида 20 йил аввал бир ёшгача бўлган болалар ўлими  даражаси – 1000 та тирик туғилган чақалоқдан биринчи йили давомида 30 таси нобуд бўларди. Бугун шу кўрсаткич 5,5 прамили, яъни 1000 та тирик туғилган чақалоқдан беш яримтаси ўлади, қарийб олти марта камайган. Иккинчидан, фертил ёшидаги (туғиш ёшидаги) аёлларда туғруқлар орасидаги интервал, бачадон тикланиши учун қулай бўлган вақтни 3-5 йилни аёлларимизнинг ўзлари белгилаяпти. 20 йил олдин туғиш ёшидаги аёлларнинг 15 фоизи йилда икки марта туғарди, яъни январда ва декабрда яна туғарди.

Ҳозир ҳам йилда икки марта туққан аёллар борми?

– Бор. Жуда кам. Айрим истисно ҳолатлар бунга имкон берган.

Мавзуга оид яна қайси жиҳатларни таъкидлашни истаган бўлардингиз?

– Энг муҳим жиҳатлардан ногирон, касалманд болалар бўлмаслиги учун оналар соғлом бўлиши керак. Аёл хаста бўлса, аввал даволаниб, сурункали касаллиги бўлса уни пасайтириб, сўнг фарзанд кўришга ҳозирланиши муҳим. Даволовчи шифокор энди болали бўлишингиз мумкин дегандагина ҳомиладор бўлиш керак

– Батафсил маълумотлар, фидойилик учун ташаккур!

Мустаҳкам Тангриёрова суҳбатлашди.

 


 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг