Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Шифохонами ёки заҳархона?»

«Шифохонами ёки заҳархона?»

Фото: «t.me/shahnozxon»

JMDS деган хусусий клиникани кўпчилик яхши билади: Тошкент шаҳаридаги Учтепа туман ҳокимияти орқасида жойлашган. Ўша ерда ис гази ― вип! Лабораториясига тушиб, истаганча заҳарланишингиз мумкин! — деб ёзади блогер Шаҳноза Тўрахўжаева.

Ўғлимни тиббий текширувдан ўтказиш учун бугун ўша клиникага бордик. Қон таҳлили топшириш учун лабораторияга тушдик. Лабораторияси ертўлада, ёрдамчи хоналар ёнида жойлашган.  Газ билан иситиш ускуналари ҳам, тушунишимча, шу ерда.

Газ ҳиди жуда ўткир, шу даражадаки, ўн дақиқа навбат кутгунча, бошим оғриб қолди. Навбатда беморлар, ёш болалар... Эшикни очсак, елвизак, ёпсак, заҳарли ҳаво.

Айрим беморлар болаларини олиб ташқарида навбат кутишяпти: заҳарлангандан шамоллаган афзал, дейишяпти.

Ҳа, бир бўлгандир-да, кечгача тузатворишар деб ўйлаяпсизми? Уч ой аввал ҳам шу аҳвол эди: унда ҳали иситиш мавсуми бошланмагани учун бунчалик аччиқ ҳид йўқ эди, аммо газ ҳиди бор эди. Ўшанда қабулхонадаги қизларга бундан шикоят қилган эдим.

Орадан ўтган вақт давомида ис гази туфайли неча фожиалар рўй берди, махсус комиссия тузилди, назорат кучайтирилди. Қаҳратонда уйини амаллаб иситаётганларнинг қўлбола печкалари учун ҳам жарималар солиняпти. Тўғри, инсон ҳаёти, хавфсизлиги ҳамма нарсадан устун.

Лекин шаҳардаги машҳур ва бой бир клиникада газ хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаётганини наҳотки ҳеч ким билмайди? Назоратчилар бу ерларга етиб келмаганми ё келиб иш бошқарувчининг хонасиданоқ қайтиб кетаверганми?

Шифохонами, заҳархонами бу? — дея вазиятга мутасаддилар эътибор қаратиши лозимлигини қайд этган блогер.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг