Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев таъзия билдирди

Шавкат Мирзиёев таъзия билдирди

Мамлакатимиз тоғ-кон саноати оғир жудоликка учради.

«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг «Қолмақир» конида кўп йиллар фидокорона хизмат қилган моҳир экскаватор машинисти, меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Жонсаид Турдиев шу йил 20 октябрда 69 ёшида вафот этди.

Ж.Турдиев 1954 йил 20 июнь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтагач, Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳридаги 80-автокорхонада ҳайдовчи бўлиб иш бошлади.

1977 йилдан меҳнат фаолиятини Олмалиқ кон-металлургия комбинати тизимида давом эттириб, қарийб ўттиз йил мобайнида «Қолмақир» конида самарали хизмат қилди, кўплаб шогирдлар тайёрлаб, мамлакатимизнинг тоғ-кон саноати ривожига катта ҳисса қўшди.

Ўз касбининг ҳақиқий жонкуяри бўлган Ж.Турдиев билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлик, мардлик ва матонат, жонажон Ватанимизга муҳаббат сингари юксак инсоний фазилатлари билан нафақат жамоаси, балки кўп миллатли халқимизнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. 

Кейинги йилларда жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиб, Олмалиқ шаҳар «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, фаол тарғиботчи сифатида ҳудудда ислоҳотларни амалга ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда жонбозлик кўрсатди.

Ж.Турдиевнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги хизматлари юксак эътироф этилиб, у 1998 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» олий унвони ҳамда «Олтин юлдуз» медали билан мукофотланган эди. 

Мамлакатимиз кон-металлургия соҳасининг таниқли вакили, самимий ва камтарин инсон Жонсаид Турдиевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, 

А.Арипов, З.Мирзаев, А.Хурсанов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг