Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сергели ҳокими: «Автомобиль бозорини Сергелида олиб қолиш ҳаракатидамиз»

Сергели ҳокими: «Автомобиль бозорини Сергелида олиб қолиш ҳаракатидамиз»

Фото: «Xabar.uz»

Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида оммавий ахборот воситалари воситалари ходимлари билан учрашиб, туманда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида ҳисобот берди, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Жумладан, у туман ҳудудида жойлашган «Сергели» автомобиль бозорининг кўчирилиши билан боғлиқ ОАВда кенг тарқалган маълумотларга ойдинлик киритди.

«Дастлаб пойтахтдаги барча улгуржи бозорларни шаҳар ташқарисига кўчириш концепцияси ишлаб чиқилган эди, аммо шундоғам ҳамма бозорлар шаҳар ташқарисида. Шу жумладан, «Сергели» автомобиль бозорини ҳам Тошкент вилоятига кўчириш режалаштирилганди, бироқ ушбу вариант айни пайтда кўриб чиқилмоқда. Бозор жуда катта майдонни — 24 гектарни эгаллайди. Бунинг учун худди шундай янги майдонни топиш, уни қуриш, шундан кейингина бозорни кўчиришимиз керак. Буларнинг барчаси маълум вақтни талаб қилади», — деб айтди Нозим Ҳусанов. 

Фото: «Xabar.uz»

Сергели тумани ҳокими автомобиль бозорини Сергели тумани ҳудудида қолдириш истагида эканини, у туман бюджетига йилига 11 млрд сўм келтиришини, шу боис бундай тушумдан воз кечишни истамаслигини айтиб ўтди.

«Ҳозир ушбу бозорни туманимизда қолдириш таклифларини ўрганаяпмиз, лекин у аҳолига ҳам халал бермаслиги керак. Автомобиль бозорини транспорт оқимига халал бермаслиги учун Сергелининг бошқа ҳудудига, масалан, Тошкент вилояти билан чегарадош ҳудудлардан бирига кўчиришимиз мумкин. Кичик ҳалқа йўли ёқаси бўйлаб Тошкент вилояти билан чегарадош шундай ҳудуд бор», — деб айтди  Сергели тумани ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, Сергели машина бозори дастлаб Тошкент вилоятининг Чиноз, сўнгра Юқори Чирчиқ туманига кўчирилиши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг