Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саида Мирзиёева нимани истайди?

Саида Мирзиёева нимани истайди?

Охирги пайтларда президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турибди. Тўғрисини айтсам, аввалига «эҳ, бу ҳам Гулноранинг йўлидан кетар экан-да, нега бизда раҳбарларнинг фарзандлари доим шундай ҳаракат қилади», деган хавотир ва ачиниш ҳисси кўнглимдан ўтганди. Қолаверса, у эгаллаган агентлик директори ўринбосари лавозими гўёки ёниб турган чўғ эди ўшанда.

Аммо унинг ўзим кузатган охирги уч ойдаги фаолияти таҳлили мени жиддий ўйга толдирди ва қўлимга қалам олишга ундади. Очиғи, мен кимнидир мақташу олқиш ёғдириш ёшидан ўтганман ва бундан қандайдир манфаат ҳам кутмайман. Ш.Мирзиёевнинг барча соҳаларга бераётган эркинлиги шарофати билан «Нотиқлик санъати академияси» таълим масканини очганман ва тингловчиларни ўқитаман. Худога шукр, қора қозоним яхшигина қайнаб турибди. Лекин гап бошқа ёқда. Бир инсон ҳаракат қилиб, янгиликлар сари интилаяптими, буни ўз ўрнида эътироф этиш ҳам лозим.

Биринчидан, мен бир илмий муассасанинг матбуот котибиман. Куни кеча чиққан президент қарори билан янги ўқув йилидан бошлаб бошлиқнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси, мавқеим эса унинг ўринбосарига тенглаштириляпти. Камига маошимизга 50 фоиз устама тўланадиган бўляпти. Албатта, раҳмат дейман.

Қарорга имзо қўйган президенткуя, бироқ уни тайёрлашда ташаббус кўрсатган айнан Саида Мирзиёева эди. Демак, қисқа вақт ичида бутун бошли бир тизимни чуқур ўрганиб, уни юқори босқичга олиб чиқиш учун комплекс ечим топа олди. Бу вазиятда унинг мавқеи қўл келганиям соҳа учун бир ютуқ аслида.

Очиғи, ахборот хизматлари ходимларининг шу кунларда тили дадиллашди, юрагига ўт тушди, ҳуда-беҳудаги бошимизни қотирадиган, матбуот котиби деганда нуқул ўзини мақташ билан шуғулланадиган ходимни тушунадиган ташкилот раҳбарлари ғимирлаб қолди.

Ошкоралик сари юрилмокда, журналистларнинг эркин ва тезкор ахборот олишини таъминлаш йўлидаги тўсиқлар бартараф этиляпти. Матбуот котиби деган номи бўлгани билан уларнинг аксарида шароит йўқлиги ҳам айни ҳақиқат. Ҳатто интернети ва қўл телефони бўлмаган котибдан нимани ҳам талаб қилиш мумкин? Ёки умрида бир қоғоз мактуб ёзмаган кимсаларнинг «ёғли жойлар»да матбуот котиби лавозимларини эгаллаб олганию, журналистларни оёғининг учи билан кўрсатишини ҳаммамиз биламизку. Марҳамат, имтиёз билан бирга масъулият ҳам ошади энди.

Иккинчидан, Алламжонов ва Мирзиёева бошқараётган агентликда деярли ҳар ҳафта қизиқарли матбуот анжуманлари ўтказиляптики, журналистлар ҳам турли вазирлик, идора ва муассаса раҳбарларига саволлар бериб шошириб қўйяпти. Медиа макондаги ҳаётимиз янада қизиқарли бўла бошлади, ҳеч ким зерикаётгани йўқ, фикрлар, илғор ғоялар жўш уряпти. Демакки, агентлик раҳбариятида демократик интилиш бор. Мирзиёева журналистларни ҳурмат қилишини очиқ ошкор қилмоқда. Яхши билса керакки, сўз ва фикр эркинлиги ҳар қандай демократик жамиятнинг асосий устуни. У пишиқ қилиб қурилса, қолган безак-андоз унинг устига барпо этилаверади.

Бу билан отасининг ислоҳотларини амалга оширишда тўлдирувчи вазифасини бажараяпти. Бу билан халқнинг кўз ўнгида ўзига ҳам, давлат раҳбарига ҳам қўшимча сиёсий ва маънавий дивидентлар келтиряпти.

Соҳамга тўғри келгани учун журналистлар байрамида қилган нутқини интернетдаги сайтларнинг биридан олиб, диққат билан эшитдим.

Унинг чиқишларида сўз равонлиги ва соддалиги, мантиқ-мушоҳада, изчиллик, муаммони ўртага қўя билиш ва унинг ечими, коммуникатив мулоқотга комплекс ёндашув сезилмоқда.

Учинчидан, энг асосийси, реал ҳаётдан узилиб қолмаган. Журналистлар касб байрами оқшомидаги нутқида Тошпўлат Раҳматуллаев, Карим Баҳриев, Комилжон Шамсиддинов, Турсунали Акбаров, Рўзибой Қўлдошев, Жамшид Ниёзов каби журналистлар ҳам тилга олингани мамнун қилди. Улар билан хайрихоҳ ва ҳаётини яхши билган инсон сифатида бу қаҳрамонлик бўлди.

Масалан, самарқандлик Тошпўлат ака танқидий мақолалари учун узоқ йиллар ҳокимият вакиллари томонидан тазйиқларга учраган бўлса, «Ҳуррият» газетасининг илк бош муҳаррири ва ўз вақтида соҳада ҳақиқий юлдуз сифатида порлаган Карим Баҳриевнинг мақолалари цензура сабабли узоқ йиллар чиқарилмай келарди. Турсунали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги муттаҳам ва очкўз ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини аёвсиз танқид қилар экан, қамоқ остонасидан қайтиб келганини ҳам унча-бунча ижодкорлар яхши билади.

Истеъдодли ва жасур, ҳақиқатпараст ижодкор Комилжон Шамсиддиновнинг ҳам охирги пайтларда ЎзАда берилаётган қатор интервьюлари миллий журналистикамиз тарихи солномаларда битишга арзийди. Хуллас, дўстларим ва укаларим учун хурсанд бўлдик.

Саидахоннинг эътирофи уларнинг барчасини, қолаверса соҳа вакилларини хушнуд қилгани аниқ. Аслида бу каби фидойи журналистлар учун бирор унвон ёки мукофот ҳам керак эмас. Озгина эътибор ва эҳтиром қалбини осмон қадар юксалтиради.

Тўртинчидан, у «ҳамма нарсага қодир» ва «кўп қиррали истеъдод эгаси» каби сифатларга интилмаяпти. Балки бугун шиддат билан ривожланаётган муайян бир соҳани чуқур эгаллашга уринаётган мутахассис сифатида ишини давом эттирмоқда.

Саидахон томонидан муҳтарам президентимизнинг Рамазон ҳайити муносабати билан оилада ош тайёрлаш чоғида тушган сурати эълон қилиниши бир кунда миллионлаб фойдаланувчиларга етиб борди ва халққа янада яқинлаштирди. Шу вақтга қадар Ўзбекистон раҳбарининг оиласи даврасида таом пишириб турган табиий ва жонли расми оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганини кузатганмидик? Йўқ!

Менинг қарашимча, фақат ўз оиласида бахтиёр инсонгина бутун мамлакатни бахтли қила олади. Бу шунчаки расм эмас, балки президентнинг ижобий имижи бўлди ва у кишининг бутун халқ билан биргалигини, оиланинг муқаддас гўшалиги ва унда барча тенг аъзо эканлиги, фаолияти шаффофлигини кўрсатди.

Бешинчидан, албатта, Саидахон ҳуқуқшунос сифатида ҳар бир масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига устувор аҳамият қаратиши табиий, аммо у ижтимоий муаммоларни ҳам пухта ўрганаётгани сезилмоқда.

Масалан, кутилмаганда Бўка туманига бориб, мактабларни айланди, қурилаётган спорт майдончаларию ташкил этилган тўгараклар билан бафуржа танишди. Бу ўрганишдан кейин муҳим баёнот билан чиқди. Натижада жорий ўқув йилидан бошлаб барча мактабларда мажбурий татбиқ этилиши кутилаётган ўқувчиларнинг мажбурий мактаб формаси ҳам бекор бўлди. Бу – эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитига салбий таъсир этмасдан қолмас эди. Жамиятда оиласида бир неча нафар мактабга қатновчи фарзанди бор ва уларнинг барчасига бирданига мажбурий форма олиб беришга қурби етмайдиган оилалар ҳам борлигидан кўз юма олмаймизку. Шу аснода Мирзиёева жамиятдаги энг қуйи қатламнинг аҳволини ҳам яхши билишини кўрсатди.

Беш ташаббуснинг муҳим бўлаги бўлган китобхонлик маданиятини ошириш ва китоб тарғиботини кучайтириш, ёшларнинг мусиқа ва спортга жалб этиш йўлидаги кундалик ишларини ҳам хайрихоҳлик билан кузатиб бораяпмиз.

Ўзбекистоннинг бой маданий, моддий мероси, бетакрор манзаралари, ноёб табиати ҳақидаги туркум адабиётларни хорижга тарғиб қилиш ва бу орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризм соҳасидан тушадиган даромадларни ошириш йўлида қўл ураётган лойиҳалари ҳам маъқул келмоқда.

Ҳар биримиз ҳам фарзандларимиз камолини кўришни истаймизки, уларнинг кичик бир ютуғи ҳам бизнинг ҳаётга иштиёқимизни оширади, илҳомлантиради. Президентнинг кичик қизи – Шаҳноза Мирзиёева ҳам салкам 2 йилдирки оғриқли соҳа – мактабгача таълим тизимида ишлаб келмоқда.

Шундай шароитда мен ижтимоий тармоқдаги айрим фойдаланувчиларнинг мулоҳазаларига шундай жавоб бергим келади: баски, шу юрт тараққиётига ёрдами тегаётган экан, хўш, нима учун энди президент қизи уй бекаси бўлиб ўтириши керак?!

Раҳимбой Жуманиёзов,
филология фанлари номзоди,
«Нотиқлик санъати академияси» таълим маскани раҳбари

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг