Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиядан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун автобуслар карвони йўлга чиқди

Россиядан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун автобуслар карвони йўлга чиқди

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, Республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналарининг саъй-ҳаракатлари билан айни дамда Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россия Федерациясининг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни ватанга олиб келиш мақсадида махсус автобус қатнови ташкил этилмоқда.

Бугун 15 та автобусдан иборат илк карвон Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди. Ушбу қатнов барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия Федерацияси томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилмоқда.

Қатновни бажаришга жалб этилган 40 нафар ҳайдовчиларнинг барчаси йўлга чиқишдан аввал коронавирусга тест топширишди. Лаборатория таҳлили натижаларидан сўнг уларга тегишли маълумотнома берилди. Шундан сўнг ташувлар хавфсизлигини таъминлаш ва қатнов давомида нималарга эътибор бериш лозимлиги юзасидан йўриқнома ўтказилди.

Режага мувофиқ, автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

Ҳозирда Россия Федерациясининг турли ҳудудларидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлиб турган фуқаролардан оммавий равишда Россиянинг Қозоғистон билан чегара олди ҳудудларига тўпланмасликлари сўралмоқда. Бу каби ҳолатлар ҳозирги қалтис эпидемиологик вазиятнинг янада мураккаблашувига, касаллик юқтириб олиш хавфининг ортиб кетишига ва энг ёмони юртдошларимизни ватанга олиб келиш мақсадида катта қийинчиликлар билан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг чекланишига сабаб бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг