Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент қарори билан маҳаллаларда янги лавозим жорий этилади

Президент қарори билан маҳаллаларда янги лавозим жорий этилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президентнинг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада (кейинги ўринларда – маҳалла) ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади.

Қуйидагилар маҳалладаги ёшлар етакчисининг (кейинги ўринларда — етакчи) асосий вазифалари этиб белгиланади:

«Ёшлар баланси»ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш;

- маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш;
- ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;
- ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш;
- ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш.

Қарорга кўра, етакчилар ўзига бириктирилган маҳаллаларда фаолиятини қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширади:

- маданият ва санъатни тарғиб қилиш борасида — «Санъат ғунчалари» кўрик-танлови, мақом, бахшичилик ва эстрада бўйича «Ёшлар овози», «Ёш мусаввирлар» танловлари ҳамда «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёт фестивалини ўтказади, шунингдек, ёшлар ва болалар театр жамоаларини ташкил этади;
- соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш борасида — мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат, шашка, бадминтон, камондан отиш бўйича мусобақаларни ташкил этади, саломатлик учун 5000 қадам юриш марафони ҳамда «Ёш эколог» акциясини ўтказади;
- ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш борасида — «Бир миллион дастурчи», «Дастурлашга биринчи қадам» лойиҳаларини амалга оширади, киберспорт чемпионати ва «Ахборот технологиялари билимдони» танловини ўтказади;
- маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш борасида — «Заковат» мусобақаси», «Қувноқлар ва зукколар», «Зукко китобхон», «Ёш китобхон», «Ёш китобхон оила», «Хорижий тиллар билимдони» ва «Ёш полиглот» танловлари ҳамда «Мунозара» интеллектуал ва миллий халқ ўйинларини ташкил этади;
- ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида — «Ёш чегарачи», «Ёш қутқарувчи», «Қувноқ стартлар», «Темурбеклар», «Тўмарис маликалари», «Шунқорлар», «Ёш ҳуқуқшунос», «Ёш сайловчи», «Ёш депутат» танловлари ҳамда «Мен ҳам аскар бўламан» акциялари ва ҳарбий қисмларга саёҳатларни ташкил этади;
- тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида — «Ўзбекистон учун 100 ғоя» ва «Маҳалланинг ишбилармон тадбиркори» танловлари, «Бизнесга биринчи қадам» грант лойиҳаси ҳамда муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан учрашувларни ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг