Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Олой» бозори атрофи нега абгор ҳолатда? (фото)

«Олой» бозори атрофи нега абгор ҳолатда? (фото)

Фото: «Xabar.uz»

«Олой» бозори Тошкент шаҳрининг қоқ марказида жойлашган. Бозор ёнидаги бекатдан шаҳарнинг турли томонларига ҳамма йўналишлар учун транспорт қатнови ҳам яхши йўлга қўйилган.

«Абдулла Қодирий» метро бекати бозорнинг биқингинасида жойлашгани боис бу ҳудуд доимо одамлар билан гавжум. Бозор атрофидаги емакхоналарнинг мижозлари ҳам етарлича. Қолаверса, Гёте институти, Ucell, UMS каби мобил алоқа тармоқларининг бош офислари, бир қатор йирик банклар, меҳмонхона ҳамда бизнес марказлар ҳам шу ерда жойлашган. Бу ташкилотлар ўз ҳудудини баҳоли қудрат гуллатиб яшнатиб қўйишга эришган.

Аммо бу ташкилотлардан озроқ узоқлашишингиз билан нохуш манзараларга кўзингиз тушаверади. Бозорнинг ичидаги тартиб, маҳсулотларнинг сархиллиги ва бошқа бозорларга нисбатан анчагина нархи қимматлиги ҳам барчага маълум. Нозик таъб меҳмонлар, ҳамюртларимиз бозорнинг нархи чақиб олишига қарамай, аллақачон бу ернинг ҳақиқий мижозига айланиб улгуришган.

Хориждан келадиган меҳмонлар учун ҳам барча қулайликлар мавжуд. Эсдалик совғаларидан тортиб, Ўзбекистоннинг энг сарҳил қуруқ ва ҳўл мевалари хорижликлар учун мунтазир.

Бозор ичининг тузукроқ кўкаламзорлаштирилмаганига ҳам кўз юмиш мумкиндир, аммо бозордан чиқишингиз билан унинг атрофи жуда қаровсиз, яъни шаҳарнинг қоқ марказидаги ҳашаматли «Олой» бозорининг номига ва шаънига номуносиб тарзда жуда абгор ҳолатда.

Қачонлардир ушбу ҳудудга экилган арчалар, атиргуллар, экзотик дарахт кўчатлари — палма, шамшод, юкка, драцена каби қимматбаҳо ва жуда чиройли манзара берадиган, гуллайдиган бу ўсимликлар бирортаси бу йил гулламади. Сувсизликдан, қаровсизлидан аллақачон ўз кўринишини йўқотган. Қуриган, чириган ва сарғайиб ётган бу «тирик» жонни кўриб раҳминг келади. Ва энг ачинарлиси, ҳамиша уларнинг атрофини «ўраб» турадиган, бир лаҳза ҳам тарк этмайдиган турли чиқиндилар, ахлат уюмлари.

Атрофи қуриб қақшаб ётган, тартибсиз ва ўт босган бу ҳудудни ўзига мослаштирган тиламчилар, ичиб думалаб ётгичлар, чиқинди титиб кун ўтказгичлар ўриндиқларга бирам «ярашган».

Ҳудуднинг ўртасида жойлашган фавворадан ҳали бирор марта сув отилиб турганини кўрганимиз йўқ.

Хуллас ана шундай «манзара» оралаб ўтаётганингизда худди бозорни ва метро бекатини цивилизация етиб бормаган чўлу биёбоннинг ўртасига қурилгандек тасаввур қиласиз. Мана шу ҳолатни наҳотки Юнусобод туман ободонлаштириш хизмати ҳамда бозор маъмурияти ҳар куни ўтиб қайтаётганда кўрмаса...

Сувсизликдан қуриган, чириган, бирор марта қайчи тегмаганидан тартибсиз шохлаб ётган дарахту ўсимликларни, гулларни яшнатиб юборадиган бирорта масъул топилмаса. Тартибсиз ўсиб ётган ёввойи ўтлар наҳотки шу ҳудудга қаровчиларнинг ғашига тегмаса...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг