Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олий суд раисининг сайёр қабулида бешта оила яраштирилди

Олий суд раисининг сайёр қабулида бешта оила яраштирилди

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида давлат органлари раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комиловнинг бугун Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги академик лицейда Ғиждувон, Вобкент, Ромитан, Пешкў ва Шофиркон туманлари аҳолиси учун сайёр қабули бўлиб ўтмоқда.

Сайёр қабулларда куннинг биринчи яримида суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган жами 44 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, 12 нафар фуқаронинг аризалари қабул қилинди, 32 нафарига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ушбу учрашув ва ҳуқуқий маслаҳатлар чоғида Ғиждувон туманидаги 5 та ажралиш арафасида турган оилалар яраштирилди.

– Фаолиятим давомида ўтказилаётган ушбу сайёр қабуллар натижасида фуқароларнинг ҳуқуқий онги, давлат ва жамият олдидаги масъулиятининг ошаётганига гувоҳ бўляпман, – деди Ғиждувон туман хотин қизлар қўмитаси раиси Истат Камолова. – Сайёр қабуллар мобайнида бир нечта оилалар ажралишдан сақлаб қолинди. Биргина март ойининг ўзида 12 та оила яраштирилди. Беш ой мобайнида ажралиш арафасида турган бир оилани ҳеч яраштиролмаётган эдик. Сайёр қабул давомида ўша оила ҳам яраштирилди. Шахсан мен Олий суд судьяларида нафақат оилани сақлашнинг қонуний асослари, балки инсонпарварлик тамойилларига таяниш, ҳар бир оиланинг ўз муаммоси ва фуқаронинг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, психологик ёндашиш йўлларини кўрдим. «Менинг маҳаллам – менинг судьям» шиори остида масъул судьяларнинг бириктирилиши ва уларнинг аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бораётганлиги туман аҳолисининг ҳуқуқий маданияти ошишига ва мавжуд муаммоларнинг судгача бормай маҳалланинг ўзида ҳал этилишига хизмат қилмоқда.



Шунингдек, сайёр қабул давомида ИИБ тақдимномалари қаноатлантирилиб, 3 нафар маҳкумлар жазонинг ўталмаган қисмини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Учрашув давомида ҳеч бир савол жавобсиз қолдирилмади, ҳар бир мурожаат эгасига мутахассислар томонидан тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Ўз навбатида, маҳалла фаоллари ва фуқаролар томонидан Олий суд раисига судьялар фаолиятида одил судловга эришиш мақсадида ишлар адолат ва инсонпарварлик тамойиллари асосида кўрилаётганлиги учун ташаккур изҳор этилди.

Наргиза Қувончева,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг