Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нотиқлар тақдирланди (фото)

Нотиқлар тақдирланди (фото)

Фото: Xabar.uz

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси ва «Нотиқлик санъати академияси» таълим маркази ҳамкорлигида турли вазирлик ва идоралар, маданият ва маънавият тизимларида, журналистика соҳасида самарали меҳнат қилаётган ва нутқий фаолияти билан ибрат-намуна бўлаётган бир гуруҳ касб эгаларини турли номинациялар бўйича тақдирлаш тадбири ўтказилди.

«Ижтимоий-маърифий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда оғзаки ва ёзма нутқни яхши ўзлаштиришни рағбатлантириш, бундай маърифий мақсадга қаратилган тадбирлар самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш ушбу маросимнинг муҳим шартидир», — дейди таълим маркази раҳбари, профессор Раҳимбой Жуманиёзов.

«Нотиқлик санъати академияси» таълим маркази мутахассислари томонидан бир йил давомида олиб борган турли тадқиқотлар ва ўрганишлар таҳлиллари орқали она тилимизнинг бетакрор нафосати ва бой имкониятларини креатив мулоқот усулларидан унумли фойдаланган ҳолда самарали қўллаб келаётган билимдон нотиқлар 16 та номинациялар бўйича тақдирланди.

Жумладан, қуйидаги йўналишлар эълон қилинди: «Хорижий мамлакатларда миллий шеъриятимиз жозибаси ва нафосатини тараннум этишда жўшқин ижодий фаолияти учун» (истеъдодли шоир Носиржон Жўраев),

«Ўзбек қизиқчилик санъатини энг яхши анъаналари нутқ оҳангларини сақлаган ҳолда бойитишга ва халқаро майдонда тарғиб қилишга қўшган муносиб ҳиссаси учун» (марҳум қизиқчи Обид Асомов),

«Жаҳоннинг нуфузли халқаро анжуманларида Ўзбекистон ва ўзбек тили шуҳратини ёйиш ва мамлакатимиз обрўсини юксалтиришга қўшаётган беқиёс журналистик фаолияти учун»,  (халқаро журналист, таниқли публицист ва моҳир шоир Карим Баҳриев),

«Ижтимоий тармоқларда таҳлилий материалларни ёритишда ўзбек ёзма нутқидаги замонавий коммуникатив компетенцияси учун» (таниқли журналист Илёс Сафаров),

«Медиа маконда сайловчилар манфаатларини ифода қилишда фаол ва қатъий депутатлик позицияси учун» (Сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраев),

«Мамлакат ҳаётидаги долзарб воқеаларни чуқур мушоҳада салоҳияти ва ўзбек тилининг бой жозибаси билан етказиш борасидаги маҳорати учун» (таниқли журналист Хайрулла Нуриддинов),

«Етакчининг нотиқлик маҳоратини ошириш масалаларини илмий-таҳлилий ўрганишдаги янгича илмий-назарий ёндашувлари учун» (педагогика фанлари номзоди, доцент, Отабек Ҳасанов),

«Аҳолининг кенг қатламларида ижтимоий-маънавий тарғиботни содда ва халқчил тилда етказиб беришга қўшаётган фавқулодда фаоллиги учун» (фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова),

«Ўзбек тили сухандонлик ва дубляж мактабини ривожлантириш ишига қўшаётган улкан шахсий хизматлари учун» (таниқли актёр, моҳир сухандон, дубляж устаси Афзал Рафиқов),

«Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича ўтказилган қатор тадбир ва анжуманларда нутқ воситасида фикр ва мантиқни ижтимоий юкини тугал етказиб беришдаги замонавий ёндашувлари учун» (педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева),

«Китобхонлик маданиятини юксалтириш ва китоб тарғиботи йўлидаги замонавий ёндашувлари ва улкан амалий ҳиссаси учун» (Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона директори Умида Тешабоева),

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини халқ билан самарали мулоқот ва ноанъавий ташвиқот орқали етказишдаги шахсий ибрати учун» (Пўлат Бобожонов),

«Ўзбек тилининг расмий нутқ маданиятини юксалтиришга қўшаётган юксак маҳорати ва фидокорона хизматлари учун» (таниқли журналист ва публицист Муртаза Қаршибоев),

«Халқ оғзаки поэтик ижодини педагогик, герменевтик ва лингивистик маҳорат орқали самарали етказишдаги буюк хизматлари учун» (Ўзбекистон миллий университети Ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси доценти, марҳум устоз Омонулла Мадаев).

 «Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда диний мавзулардаги чиқишлари орқали маърифий исломни қатъий ҳимоя қилишдаги жонбозлигини учун» (Жалолиддин Ҳамроқулов),

«Ёшларда дипломатик этикет, вербал ва новербал мулоқот кўникмаларини оширишга қўшган ҳиссаси учун» («Спикер» нотиқлик клуби раҳбари Икром Худойбергенов).

Вазирлар маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги «Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази» мутасадди раҳбарлари айнан соҳага оид китоблари билан ғолибларни рағбатлантирдилар.

Баҳриддин МУҚИМОВ,
«Нотиқлик санъати академияси» таълим марказининг услубчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг