Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоий шаҳрида нима учун чироқ ўчмоқда? Масъул идора бунга мажбуран қўл урилаётганини тан олди

Навоий шаҳрида нима учун чироқ ўчмоқда? Масъул идора бунга мажбуран қўл урилаётганини тан олди

Фото: «ЎзА»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида 2019 йил 29 июнда фуқароларнинг мурожаати асосида «Навоий шаҳрида (!) соатлаб чироқ ўчмоқда. Аҳоли бу ҳолатга расмий изоҳ берилмаётганидан ташвишда» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолага «Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори номидан расмий жавоб келди. Қуйида уни тўлиқлигича эълон қиламиз:

Ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг ёз ойларида, яъни 14 июндан бошлаб Навоий вилоятининг барча ҳудудларида, хусусан Навоий шаҳрида ҳам электр таъминотидаги узилишларга йўл қўйилмоқда. Навоий шаҳрида 2019 йилнинг 24 июнь куни 6 соат 42 дақиқа узилиш бўлди ва шу куни соат 18-46да ҳамда 28 июнь куни 5 соат 02 дақиқага узилишлар содир бўлди, ушбу узилиш шу куни соат 14-20да бартараф этилиб, истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш бўйича барча зарурий чоралар кўрилди ва электр энергияси таъминоти тикланди. Лекин электр энергияси шундай бир маҳсулотки, бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқилиб, бир вақтда истеъмол қилинади ва уни сақлаш имконияти йўқ. Электростанцияларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини дарҳол тармоқлар орқали истеъмолчиларга етказиш лозим.

Навоий вилоятида узилишлар бўлган кунда истеъмолчиларга етарли даражада электр энергияси етказиб бериш учун бир суткада 24,0 млн. кВт.соат миқдорида энергияси зарур эди. Айни пайтда вилоятга 23,0 млн. кВт. соат электр энергияси етказиб берилмоқда.

Электр энергияси истеъмолини ўтган 2018 йил билан солиштириб чиқадиган бўлсак, 2018 йилнинг июнь ойида истеъмолчиларга бир сутка давомида 22,2 млн. кВт.соат электр энергияси етказиб берилган ва  истеъмолчиларнинг электр энергияга бўлган талаби тўлиқ қондирилган, 2019 йилда эса истеъмолчиларга 23,0 млн. кВт. соат электр энергияси етказиб берилмоқда, лекин истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талаби тўлиқ қопланмаяпти. Ўтган йилга нисбатан қўшимча электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб, суткасига 1,8 млн. кВт.соатни  ташкил қилмоқда.

Вилоятда электр энергиясига бўлган талабнинг ошиши янги ишга туширилаётган тадбиркорлик субъектлари, эркин  ва кичик иқтисодий саноат зоналари, йирик саноат корхоналарининг кенгайиши, чет эл инвесторларининг вилоятга кириб келиши натижасида янги корхоналарнинг ташкил этилиши ва аҳоли хонадонлари сонининг кескин ортиб бориши ҳисобига тўғри келмоқда. Мисол учун 2018 йилда аҳоли истеъмолчиларининг сони 158 195 тани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич ҳозирда 162 596 тани ташкил қилмоқда ёки бир йил давомида аҳоли хонадонлари сони 4 401 тага ортган. Худди шундай 2018 йилда тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектлари сони 10 887 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсатгич 12 085тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 1 198 тага ошган. Юқорида келтирилган рақамларнинг ўзиёқ вилоятда электр энергиясига бўлган талабнинг ошганлигидан далолат бермоқда.

Бундан ташқари ёз ойида ҳаво ҳароратининг ошиши натижасида насос станцияларининг электр энергиясига бўлган талаби кескин ошди. Худди шунингдек бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар  мавжуд. Ҳавонинг иссиқлиги сабабли кондиционерлардан узлуксиз фойдаланилаётганлиги сабаб электр энергиясига бўлган талаб ошиб бормоқда.

Талабга нисбатан электр энергиясининг кам ишлаб чиқарилиши оқибатида жойларда узилишлар бўлиши рост гап. Йирик насослари бўлган, муҳим иқтисодий ҳудудларни иложи борича камроқ ўчиришга ҳаракат қиляпмиз. Марказлашган энерготизимда, энергия ишлаб чиқарувчи станциялардаги ёқилғи, асосан табиий газнинг етарли миқдорда етказиб берилмаслиги натижасида мана шундай ҳолат келиб чиқмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, вилоят электр тармоқларида аварияли ҳолатлар юзага келгани йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган. Республика ҳукумати, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва унинг таркибидаги «Миллий электр тармоқлари», «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Навоий ҲЭТК» АЖ ҳамкорликда барча узулишларни олдини олиш бўйича зарур чораларни кўрмоқда, дейилади расмий жавобда.


Таҳририят изоҳи: Аввало, «Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ раҳбариятига мақолага зудлик билан муносабат билдиргани учун миннатдорчилик билдирамиз. Қолаверса, идора электр тармоқларидаги узилишлар техник носозлик эмас, атайин амалга оширилаётганини очиқ тан олмоқда. Шу ўринда, электрнинг атайин узиб қўйилишига сабаб қилиб кўрсатилаётган омиллар кишини ўйлантиради. Ҳар бир ҳудудда хонадонлар сонининг йилдан-йилга ошиб бориши, аҳолининг электр жиҳозларидан янада кўпроқ фойдаланиши табиий жараёнку. Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари сонининг ошиши, инвесторларнинг юртимизга кириб келиши ва янги корхона, заводларнинг ишга туширилиши мамлакат иқтисоди учун нақадар муҳим аҳамиятга эгалиги ҳам аён. Улар узлуксиз электр энергиясиз қандай фаолият кўрсата олади? Энергия ишлаб чиқарувчи станцияларда ёқилғи, асосан табиий газнинг етарли миқдорда етказиб берилмаслиги натижасида шундай ҳолатлар келиб чиқиши мамлакат иқтисодиёти учун ҳам, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун ҳам жиддий тўсиқ эмасми?! Демак, бу — шунчаки электрни маълум муддатга ўчириб қўйиш билан ечиладиган муаммомас...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг