Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Насиб этса, 2030 йилга бориб...» — Президент аҳоли даромади ҳақида гапирди

«Насиб этса, 2030 йилга бориб...» — Президент аҳоли даромади ҳақида гапирди

Фото: Масс-медиа фонди

Президент Шавкат Мирзиёев инаугурация маросими вақтида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида гапириб ўтди. Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиши лозимлиги ҳақида айтди.

— Насиб этса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди.

Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда.

Жумладан, «хом ашёдан – тайёр маҳсулотгача» деган тамойил асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантирамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ўз нутқида инфляция муаммосини ҳам эслаб ўтди.

— Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилади.

Шунингдек, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга биринчи даражали эътибор қаратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз.

Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш иқтисодиётни ислоҳ этишнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг