Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси 29 нафар ходимини ишдан ҳайдади

МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси 29 нафар ходимини ишдан ҳайдади

Фото: МИБ матбуот хизмати

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Ориф Бозоров маълум қилди. У айтдики, ўтган йили тизим ходимларига нисбатан 310 марта хизмат текшируви ўтказилди, бунинг натижасида интизомий жавобгарликка тортилганлардан ташқари ишдан бўшатилгани шунча (яъни, 29 нафар)!

Йўғ-е? Кўпмасми?

— Бўлмаса-чи?! Талаб шу... Айтганча, ходимларни жазолаш билангина машғул эмасмиз, алоҳида намуна кўрсатилаётганлар ўз навбатида рағбатлантирилади ҳам. Рағбатлар ходимларнинг ота-оналари чақирилиб, улар гувоҳлигида амалга оширилади. Бундан ота-оналар хурсанд, шунингдек, ходимларга қўшимча мотивация! Эртага шундай тадбирни режа қилиб турибмиз, имкон топсангиз, келинг...

Қани, насиб...

Аввал бугунги тадбирни «ҳазм» қилиб олайлик.

Фото: МИБ матбуот хизмати

***

Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт унверситети мажлислар залида МИБнинг пойтахт бошқармаси раҳбарияти оммавий ахборот воситалари ходимлари учун «Йил якунлари ва истиқболдаги режалар брифинг уюштирди. Нега Иқтисодиёт унверситети биносида?

Гап шундаки, бошқарма Тошкентнинг чеккароғида (Яшнобод туманида) жойлашган, боз йўллардаги бузилиш-қурилиш ишлари сабаб уззукун «пробка»! Хуллас, манзилга етиб боргунча анча вақт ва асаб ҳавога соврулади. Шу ва шу каби омиллар ҳисобга олиниб, тадбир пойтахтнинг қоқ марказида ташкил этилибди. «Оммавий ахборот воситалари ходимларига қулай бўлсин дедик-да»  — дейди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Марғуба Амонова.

Ташаккур.

***

Хўп, ўтган йили МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси нималар қилди?

Йил давомида келиб тушган 797 730 та (11 трлн. 727,2 млрд. сўмлик) ижро ҳужжатларининг 540 892 таси (8 трлн. 210,0 млрд сўмлик) ниҳоясига етказилди. Қолдиқлар кўп эмас, аммо бор. Бироқ улар мураккаб ижро ҳужжатлари тоифасига кирадики, бу муаян вақт талаб қилади. Илло, қонунда белгиланган муддатга риоя этилиши алоҳида эътиборда. Давлат ижроларининг энг кўп банд қилаётгани алимент ундирувига оид ижро ҳужжатларидир. Бошқарма ва ҳудудий туман бўлимларида 23 900 та шу турдаги ижро ҳужжатлари мавжуд эди. Ҳамма алиментчи зиммасига юкланган мажбуриятни ўз вақтида бажарса-ку, давлат ижрочиларига иш қолмасди-я. Баъзиларининг орқасидан чопиб ҳам ундиришнинг иложи бўляпти ҳатто. Қочиб юргани қанча?! Ўтган йили 222 нафар яшириниб юрган алиментчилар топилди, 89 нафари ҳамон қидирувда. Ўз вақтида алимент пулларини тўламаган 736 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди (МЖтКнинг 47-4-моддасига асосан). Яхши гап, тушунтириш-у огоҳлантиришлар кор қилмаган 32 нафарига эса Жиноят кодексининг 122-моддаси («Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш») билан «иш» қўзғатишдан бошқа чора қолмади. Инсоф берсин...

Айтганча инсофга келаётгани ҳам оз эмас, ўтган йили 460 та оила ярашишига МИБ ходимлари сабабчи бўлишди.

***

МИБ ходими деса, коммунал тўловларни «бировнинг бетига қарамай» ундирувчиларни тасаввур қиладиганлар оз эмас. Бундай тасаввурларда ҳақиқат учқунлари йўқ эмас, албатта. Одамзоднинг феъли маълум — ҳатто қарз тўлашда оғринади кўпчилик. Шу маънода ўтган йили энергия ресурслари ва сув таъминоти бўйича жами 3 трлн. 531 млрд. 500 млн. сўм ундирилиши осон бўлгани йўқ. Шундай экан, ундирувлар 2018 йилга нисбатан 1 трлн. 906,7 млрд. сўмга ошганини алоҳида қайд этмасак бўлмас.

***

Айримлар тасаввур қилганидек, эшик таққиллатиб келган МИБчилар ёппасига «олабўжи» эмас. Шароити оғир хонадонларга борилганда ишни шартта тармоқдан узишдан бошлашаётгани йўқ. Аксинча, иложи борича, ҳомий топиб, уларнинг қарздорлигини бартараф этиш чоралари ҳам кўрилаётир. МИБчиларнинг саъй-ҳаракати ва савобталаб инсонларнинг муруввати билан ўтган йили элликка яқин камхарж оиланинг қарийиб етмиш миллион сўмлик коммунал қарздорлиги бартараф этилди. Жорий йилнинг ўтган йигирма кунида эса биргина Юнусобод туманидаги 19 оиланинг энергия ресурсларидан ҳосил бўлган жами 22 млн. 500 сўмлик қарзи ёпилди.

***

Истеъмолга «нореал қарздорлик» деган гап кириб келди. Бу, жайдарича айтилса, истеъмолчи бўйнига йўқ жойдан қарздорлик «илиб» қўйилишидир. Таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмагани, энергия ресурслари етказиб берилиши жараёнидаги табиий йўқотишлар ва энг муҳими — тизимдаги талон-торожликлар натижасида ҳосил бўлган миқдор аҳолига «тақсимлаб» юборилади-да. Бунинг натижасида ўтган йили 81 123 та истеъмолчи номига «емаган сомсаси»га чиқим ёзилибди денг. МИБчиларнинг саъй-ҳаракати билан улар бўйнига «илинган» салкам 24 млрд. сўм таги йўқ қарздорлик ечилди.  Бу миқдор 2020 та ҳолат бўйича аниқланган қонунбузарлик натижасида ҳосил бўлган. Бунинг натижасида қанча масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, жиддий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича-ку, 91 та жиноят иши қўзғатилди.  

***

Мажбурий ижро бюросининг қайси бўлимига борманг — иш қайнаб ётганини кўрасиз. Ростиям шу: бош қашишга вақт йўқ. Иш ҳажми ҳаддан зиёд кўп. Бюронинг битта инспектори таъминотчи корхоналарнинг олти нафар назоратчисининг иш ҳажини бажараётир. Бу инкор этиб бўлмас факт. Бунақа шароитда хато ва камчиликларга йўл қўйилиши табиий. Шундан келиб чиқиб, тизимда ишлар зў-ўр дейиш бироз муболаға бўлар, аммо чакки ҳам эмас. Юқоридаги рақамлар кўп саволларга жавоб эмасми?!

***

Брифинг савол-жавобларсиз ўтмайди, албатта. МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси мутасаддилари ёқимли саволларга бироз яйраброқ, муаммоли сўровларга жиндек ҳаяжонланиб жавоб қайтардилар. Айрим ўринларда «ялонғоч қўлга тутқич бермасликка» уринилдики, булар энди алоҳида мавзу.

***

Тадбир ниҳоясида бошқарма бошлиғи журналистларга қарата: «МИБ ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни янаям кучайтириш учун қандай таклифларингиз бор?» дея икки қайта сўради. Жўяли таклиф айтилмади ҳисоб. Нимаям дейиш мумкин: қандай маълумот сўралса, матбуот хизмати тақдим этмоқда, ҳали МИБ остонасидан мурод ҳосил бўлмай қайтилгани йўқ, боз яқин келажакда ОАВ ходимлари учун пресс-тур уюштирилиши ҳам маълум қилинди. Бўлади ҳозирча. Агар бирор таклиф ёки ғоя туғилгудек бўлса, муҳокама қилишга фурсат топилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг