Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Мен ҳам ўшанда бу тарихий жараёнларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлганман»—президент тил ҳақидаги қонун тўғрисида

«Мен ҳам ўшанда бу тарихий жараёнларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлганман»—президент тил ҳақидаги қонун тўғрисида

Фото:Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан табрик нутқини эълон қилди.

«Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уриндилар. Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум. 

Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди.

Бу борада маънавий жасорат ва фидойилик кўрсатган буюк арбобларимиз, адиб ва олимларимиз, уламоларимиз, улуғ санъаткорларимизнинг хотирасини бугун ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.

Ушбу қутлуғ айёмни байрам қилар эканмиз, аввало, 1989 йил 21 октябрь санасини – «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир» — дейилади президент нутқида.

Шунингдек, президент қонун қабул қилинган  даврдаги мураккаб вазиятни ҳам  эсга олган.

«Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаган эди.

Қонун лойиҳаси икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Унинг атрофида қандай қизғин баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтганини, ўйлайманки, кўпчилик юртдошларимиз жуда яхши эслайди. Шахсан мен ҳам ўшанда бу тарихий жараёнларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлганман» — дейди юртбошимиз суронли йилларни эслаб.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг