Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Маҳалла раисларининг маоши икки баравар ошди

Маҳалла раисларининг маоши икки баравар ошди

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади. Бу йилги сайлов аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?

Янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) икки ярим эмас, уч йилга сайланиши белгиланди, шунингдек:

раис яширин овоз бериш йўли билан аниқланади;

яшайдиган ҳудудда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг камида 12 фоизи иштирок этиши шарт.

Авваллари, маҳалла фаоллари, кўчабошиларининг кенгаши бўлиб, унда очиқ овоз бериш йўли билан сайлов бўлиб ўтарди. Аслида, хоҳиши йўқ, бошқа номзодни муносиб кўрган бўлишига қарамасдан, кўп овоз тўплаган шахсни қўллаб қувватлаш кабилар барҳам топиши белгиланди. Ҳамма ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз беради ва бу шаффофликни таъминлаши зарур.

Маҳалла раиси энди қанча ойлик олади?

— Жорий йилнинг 2 апрель куни Шавкат Мирзиёев қабул қилган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғриси»ги фармонга биноан энди маҳалла раисларининг ойлик маоши икки баравар ошди. Шунингдек, уларга юклатилган 154та вазифа қайтадан кўриб чиқилиб, тузатиш ва қисқартириш киритилиши айтилди. Ҳозирда ишчи гуруҳ лойиҳа юзасидан иш олиб бормоқда, — дейди Республика Маҳаллалар кенгаши бўлим бошлиғи Саодат Боймирзаев.

Республика Маҳаллалар кенгаши бўлим бошлиғининг айтишича, қоидага кўра, олий маълумотга эга бўлган шахслар номзоди маҳалла раислигига кўрсатилиши керак. Лекин кўп ҳолларда ўрта маълумотга эга номзодлар ҳам тақдим этилган. Раис этиб тайинлангач, депутат, олий орган ходимлари билан бевосита алоқада бўлиш талаб этилади. Олий маълумотга эга бўлмаган инсон бундай вазиятларда ечим топишда қийналиб қолиши мумкин.

Маълум қилинишича, сайловни ўрнатилган тартибда ўтказиш учун 9 нафар ишчи гуруҳ тайёрланади. Ҳамма ўзи учун ажратиб берилган кўчаларда тарғибот, таништириш ишларини олиб боради.

Маълумот учун, республикада 9019та фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, дастлаб 2929 нафар шахсдан 2424 нафар номзод танлаб олинди. Сўнгги маълумотларга кўра, номзодлар сони 1283 нафарга қисқарган. Шундан 270 нафари аёл, эркаклар эса 1013 нафарни ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг