Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналист ва блогерлар тиббий кўрикдан ўтказилди

Журналист ва блогерлар тиббий кўрикдан ўтказилди

Тор соҳа мутахассислари ОАВ ходимлари ва блогерларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади деб эълон берилса, нима бўлади? Кўрикка албатта келишади.

Самарқанд шаҳридаги 2-сон оилавий поликлиникада икки кун давомида шаҳарда фаолият юритаётган журналист ва блогерлар, соҳада ишлаётган техник ходимларни вилоятнинг етук мутахассислари қабул қилди.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, АОКАнинг вилоят бошқармаси ҳамда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими биргаликда ўтказган тадбир соҳа вакиллари саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган. 

Даргоҳда эрталабдан лабораториядан тортиб, УЗИ, терапевт, хирург, дерматолог, травматолог, лор, окулист ва ҳоказо мутахассислар хоналари эшиги олдида ижодкорлар навбатлари силжир эди. Жараён қатъий тартибда йўлга қўйилган, бир йўла айни бир мутахассиликдаги бир неча доктор хизмат кўрсатмоқда. Шу сабаб ҳар бир келган инсон 2 соатга қолмай хотиржам ишига қайтарди.

Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси директори Мирзо Ихтиёров жамоада 87 нафар ходим ишлашини айтди. Уларнинг бир қисми кеча ва қолганлар бугун кўрикдан ўтиши режали тақсимланган экан. Шу зайлда иш тўхтаб қолмайди.

  — Инсон ҳар йили, бўлмаганда, бир марта, иложи бўлса икки марта тиббий кўрикдан ўтиши керак. Аксарият ҳолларда иш билан бўламиз, оилавий ташвишларга ўралашиб қоламиз ва соғлиғимизга эътибор бермайдиган ҳолатлар кузатилади, — дейди Мирзо Ихтиёров. — Одамда соғлиғи яхши бўлмаса ишида ҳам самарадорлиги бўлмайди.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан мақсад соҳа ходамларининг соғлиқларини тиклаб олишга  имконият яратишдан иборат. Бугунги кунда тележурналистларимиз, радиожурналистларимиз, босма оммавий ахборот воситаларида ишлаётган ҳамкасбларимиз, блогерлар икки кун давомида шу ерга келиб қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги, соғлиғида қаерда нима муаммо бор, ҳаммасини ўзлари билишаяпти. Инсон ўзининг қаерда қандай муаммо борлигини билгани маъқул.  
«Зарафшон» газетаси мухбири Тўлқин Сиддиқов тадбирнинг яна бир асосий жиҳати устида тўхталди. Тадбир орқали соҳа вакилларига эътиборни ҳис қилаяпмиз.  «Журналистлар, қалам соҳибларининг мавқеини, обрўсини кўтариш даври келаяпти деган яхши ниятлар қила бошлаяпмиз. Қолаверса, баҳонада анчадан буён кўришмаган турли ташкилотларда ишлаётган ҳамкасблар учрашуви чеҳраларга табассум улашди», деди у.

Самарқанд вилоят Соғлиқни Сақлаш Бошқармаси матбуот котиби Элдор Муҳаммадиевнинг маълум қилишича, вилоятдаги туман  марказларида ҳам худди шундай тиббий кўрик ташкил қилинган.

Тадбирнинг кейинги босқичида вилоятдаги ОАВ ходимлари ва блогерларни соғломлаштириш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг