Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ИИВ охирига етказилмаган қарор лойиҳасини муҳокамага қўйиб юборгани ошкор бўлди

ИИВ охирига етказилмаган қарор лойиҳасини муҳокамага қўйиб юборгани ошкор бўлди

Эрали Бозоров

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги «охирига етказилмаган» қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб юборгани маълум бўлган.

Анжуманда қатнашган ИИВ ЖХД ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоровнинг айтишича, ЙПХ ходимини тасвирга олиб, уни интернетда тарқатиш ҳақидаги қарор лойиҳаси «ҳали охирига етказилмаган».

«Бу — бир лойиҳа ва у ҳозирча охирига етказилмаган. Бу бўйича ишчи гуруҳ ишлаяпти. Мазкур масала юзасидан ривожланган хориж давлатларининг тажрибаси тадқиқ этилиб, кейин Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Айни вақтда бу лойиҳа ўрганиш жараёнида», деган у.

Аслида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйиладиган лойиҳаларнинг аксарияти кейинчалик тасдиқланиб, имзоланади. Жамоатчиликнинг катта эътирозига сабаб бўлганлари эса рад этилади ва масъул идорага қайта ишлаш учун юборилади. Лекин шу вақтгача у ерга қўйилган лойиҳалар «охирига етказилмагани» учун қайтариб юборилмаган.

Ўтган ҳафта мазкур қарор тасдиқланиб, ЙПХ ходимларини суратга олиш тақиқлангани ҳақида фейк хабарлар тарқалганди. ИИВ бунга бирор изоҳ бермагач, Xabar.uz таҳририяти вазиятни ўрганиб чиққан ва буларнинг бари ёлғон эканини ёзганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг